Ўзбекистон Малайзиянинг илм-фан соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганмоқда

Октябрь 05, 2024. 08:19 • 2 дақ

• 371
Ўзбекистон Малайзиянинг илм-фан соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 5 октябрь. /"Дунё" АА/. "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси директори Адхам Худойқулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация Пенанг штатидаги Малайзия тадқиқотлар университети (Universiti Sains Malaysia - USM) фаолияти билан танишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси университет раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Унда хориж томонига сўнгги йилларда республикада олий таълим ва илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Олий таълим муассасаси раҳбарияти университет эришган натижа ва ютуқлар билан ўзбек томонини яқиндан таништирди. Жумладан, университет Малайзиядаги бошқа муассасаларни "APEX" сифат сертификатини олишда кўмаклашишга масъул қилиб белгилаб қўйилгани таъкидланди.

Университет ректори, профессор Абдул Раҳман Моҳамед Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мамлакатимиз университетлари билан биргаликда сифатли таълим дастурларини республикада жорий этишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар натижасида университет раҳбарияти билан Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим муассасалари консорциуми доирасида ҳамкорлик қилиш, миллий олий таълим сифат кўрсаткичлари мезонларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш, ўзбекистонлик талабалар учун муҳандислик йўналиши бўйича маҳорат дарсларини ташкил этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Малайзия тадқиқотлар университетида дунёнинг 33 та мамлакатидан 35 минг талаба таълим олади. Университет дунё олий таълим муассасалари рейтингида 130-ўринда туради. Халқаро барқарор ривожланиш рейтингида эса 4-ўринда қайд этилган. Ушбу олий таълим муассасаси Малайзиядаги 270 та унверситетлардан фақат 5 тасига тегишли бўлган Халқаро тадқиқот университети мақомига эга.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш