"Daily News Hungary": Тошкентда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида муҳим янги шартномалар тузилди
Май 09, 2024. 12:12 • 2 дақ
• 266
БУДАПЕШТ, 11 май. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Daily News Hungary" нашрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши якунлари ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Венгрия ва Ўзбекистон ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантираётгани, уни янада кенгайтиришга, жумладан, энергетика соҳасида ҳам тайёр экани таъкидланди. Бу ҳақда сешанба куни Тошкентда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто маълум қилди", — дейилади мақолада.
Нашрда ёзилишича, Венгрия-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида сўзга чиққан вазир Петер Сийярто, шунингдек, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 100 миллион евродан ошганини, венгер компаниялари Ўзбекистонга сармоя киритишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.
Материалда, икки давлат ҳар бир лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун қўшма инвестиция фондини уч баробарга кўпайтириб, 150 миллион долларга етказишга тайёр эканлиги маълум қилинган. Шунингдек, келгусида энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш кутилмоқда.
Электрон нашр вазир Петер Сийярто Тошкентда Ўзбекистон инвестиция, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов билан учрашгани ҳақида ҳам хабар берган. Вазирлар қўшма баёнотида 2010 йилдан буён ўзаро товар айирбошлаш 86 фоизга ўсганини таъкидладилар, дейилади манбада.
Томонлар банк иши, фармацевтика ва таълим соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик ютуқларини қайд этишди.
"Биз 14 йилдан буён Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиряпмиз. Биз унинг аҳамиятини дастлабки босқичда, жиддий танқидларга учраган пайтдан бошлаб англаган эдик. Аммо энди ўзимизнинг ҳақлигимизни исботладик", — дея Венгрия вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган "Daily News Hungary".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси