Logo

Ўзбекистон дипломатлари ва Хитойнинг Юньнань провинцияси Ташқи ишлар департаменти вакиллари ўзаро консуллик хизматларини соддалаштириш масалаларини муҳокама қилдилар

Март 06, 2024. 16:54 • 2 дақ

221
Ўзбекистон дипломатлари ва Хитойнинг Юньнань провинцияси Ташқи ишлар департаменти вакиллари ўзаро консуллик хизматларини соддалаштириш масалаларини муҳокама қилдилар

КУНЬМИН, 6 март /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ва Юньнань провинцияси Ташқи ишлар департаменти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Департамент директорининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари У Вэньцзе ва бошқа масъул ходимлар иштирок этди.

Учрашув чоғида барча соҳаларда томонлар ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, консуллик - ҳуқуқий соҳадаги алоқаларни кучайтириш, хусусан, фуқароларнинг маданий алмашинув ва ўзаро саёҳатларини фаоллаштириш учун консуллик хизматларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хитой дипломатлари сўнги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик, бизнес ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан атрофлича танишдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати хориж томони билан ўзаролик принципи асосида фуқароларга виза бериш масалаларини соддалаштириш, ҳамда виза расмийлаштирувини янада либераллаштиришга устувор масала сифатида қараётгани таъкидланган ҳолда, бу борада эришилган ижобий натижалар қайд этилди.

Айни вақтда 91 та хорижий давлат фуқароларига Ўзбекистонга визасиз кириш ҳуқуқи берилгани, 57 та мамлакат фуқаролари юртимизга кириш учун электрон виза олиш имкониятига эга экани ҳамда 48 та мамлакат фуқаролари учун беш кунгача визасиз транзит кириш, вақтинча бўлиш ва Ўзбекистондан чиқиш тартиби жорий этилгани билдирилди.

Хитой томонига, шунингдек, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар учун 10 кунгача визасиз режим мавжудлиги ва мамлакатимизга сайёҳлик мақсадида келувчи 55 ёшга тўлган Хитой фуқаролари 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда визасиз бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги маълум қилинди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Юньнань Ташқи ишлар департаменти ва мазкур провинция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорлик натижасида 2023–2024 йилларда мураккаб ҳаётий вазиятга тушган 6 нафар ватандошларимизга тезкор консуллик – ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Учрашув якунида томонлар барча соҳаларда самарали ҳамкорлик жадаллаштириш, мавжуд масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида мунтазам мулоқот ўтказиш амалиётини давом эттириш тўғрисида келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш