Logo

Ўзбекистон ва Хитой ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда

Июнь 11, 2025. 01:15 • 54 сония

68
Ўзбекистон ва Хитой ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда

ГУАНЧЖОУ, 11 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раҳбарияти, олий таълим муассасалари вакиллари ва ёш тадбиркорлардан иборат юртимиз делегацияси амалий сафар билан Хитойнинг Хайнань провинциясида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири .

Ташриф давомида Санья, Цианьхай ва Хайкоу шаҳарларида савдо-иқтисодий, туризм, таълим ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди, ҳудуддаги эркин иқтисодий зоналар ҳамда маҳаллий корхоналарнинг фаолияти билан танишилди.

Хитой томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар, ҳудудларда хорижий инвестициялар учун яратилган қулай шарт-шароит, мамлакатимиз ёшларининг тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбирларнинг самарали натижаси сифатида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Тошкент шаҳридаги Аджу ва Бухоро инновациялар университетларининг Хитойнинг Сиань шаҳрида алоқа офисларини очиш, "Jieji Education" компанияси билан ҳамкорликда хитойлик талабаларни мамлакатимизда таълим олиш учун жалб қилиш юзасидан битимлар имзоланди.

Хайкоу шаҳрида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ўтказилган учрашувда уларнинг турмуш тарзи, таълим жараёни, келажакдаги режалари юзасидан фикр алмашилди.

Бош консулхона дипломатлари консуллик-ҳуқуқий масалалар хусусида сўзлаб бердилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш