Logo

Ўзбекистонда маданият, таълим ва инновациялар соҳаларида кечаётган ислоҳотлар ва мамлакатимиз ташаббуслари Будапештда тақдим этилди

Апрель 29, 2025. 19:17 • 2 дақ

58
Ўзбекистонда маданият, таълим ва инновациялар соҳаларида кечаётган ислоҳотлар ва мамлакатимиз ташаббуслари Будапештда тақдим этилди

БУДАПЕШТ, 29 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Аваз Тожихонов ва олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев бошчилигидаги мамлакатимиз делегация 28-29 апрель кунлари  Венгрия пойтахтида бўлиб ўтган маданият, таълим ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган юқори даражадаги учрашувда иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда маданий-гуманитар, таълим, илм-фан ва инновациялар соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида иштирокчиларга  батафсил маълумот берди. Мазкур ислоҳотлар доирасида маданият муассасаларини кенг қамровли ўзгартириш, таълим инфратузилмаси такомиллаштирилаётгани, илмий фаолият рағбатлантирилаётгани, замонавий технологиялар жорий этилаётгани алоҳида таъкидланди.


Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари билан ушбу соҳаларда фаол ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Делегация вакиллари муваффақиятли қўшма лойиҳаларнинг аниқ намуналарини тақдим этди ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, айниқса, илғор тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма тадқиқот ташаббусларини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.


Йиғилиш якунлари бўйича туркий давлатлар ва Венгрия ўртасида олий таълим, фан, инновация ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Ҳужжатда мазкур соҳаларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, тажриба алмашиш ва алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича умумий мажбурият ўз ифодасини топган.


Ташриф доирасида Ўзбекистон делегациясининг Венгрия маданият ва инновациялар вазири Балаж Ханко билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида томонлар маданий алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар, шунингдек, олий таълим ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги имкониятларини белгилаб олдилар.


Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстликни янада бойитиш ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қўшма таълим дастурлари, талабалар ва илмий ходимлар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар ва маданий тадбирлар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Бўлиб ўтган учрашувлар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун янги уфқларни очадиган йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш