Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий ва илмий-академик ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олинди
Апрель 25, 2024. 08:47 • 3 дақ
• 137
ДЕҲЛИ, 25 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгаши (Indian Council for Cultural Relations – ICCR) бош директори Кумар Туҳин билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик Ўзбекистон-Ҳиндистон алоқаларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ўтказиладиган маданий фестивалларда Ҳиндистон вакиллари фаол иштирок этади. Шунингдек, ўзбек санъаткорлари ҳинд заминида тез-тез ижодий сафар билан бўлиб туради.
Машҳур Болливуд хонандаси Шибани Кашяпнинг 2023 йил Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсида намойиш этган концерт дастурлари, саранги камонли чолғу асбобининг моҳир ижрочиси Камол Сабрийнинг Гулистонда ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалидаги чиқишлари ўзбекистонлик санъат шинавандалари томонидан самимий кутиб олинди. "Ҳавас" оилавий ансамбли, "Сабо" рақс дастаси, хонандалар Улуғбек Рўзалиев ва Дилноза Бобоеванинг мусиқий дастурлари Ҳиндистонда олқишларга сазовор бўлди. Тошкент халқаро кинофестивалида Ҳиндистон ахборот ва телерадиоэшиттириш давлат вазири Логанатҳан Муруган бошчилигидаги делегация қатнашди. Гоа штати ва Колката шаҳрида ўтказилган халқаро кинофестивалларда ўзбек кино ижодкорларининг асарлари намойиш этилди.
Мулоқот чоғида маданият йўналишидаги бундай фаолият ўзбек ва ҳинд халқларининг азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаётгани ҳамда ўзаро англашувни чуқурлаштираётгани алоҳида таъкидланди.
Элчи Сардор Рустамбоев сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги серқирра ҳамкорлик изчил ривож топаётганига эътибор қаратиб, икки томонлама маданий ришталарни янада фаоллаштириш халқларимиз манфаатларига хизмат қилишини урғулади. Бу жабҳадаги муносабатларни янги даражага олиб чиқиш мақсадида биргаликда ўтказиладиган маданий-гуманитар тадбирлар режасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Ҳиндистонда санъат намоёндаларининг мусиқий дастурларини намойиш этиш, кўргазмалар ташкил этиш, илмий-академик доиралар вакиллари иштирокида турли анжуманлар ўтказиш, бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олиш ва бошқа йўналишларни қамраб олади.
Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгаши бош директори Кумар Туҳин Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида маданий ва илмий-академик алоқалар изчил ривож топаётганини қайд этди. Ўтган йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган сафари, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотлар чоғида бунга яна бир марта ишонч ҳосил қилганини эътироф этди.
ICCR етакчиси у раҳбарлик қилаётган ташкилот Ўзбекистон билан алоқаларни янада фаоллаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, янгидан янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон ёшларига Ҳиндистон етакчи олий билим юртларида таҳсил олиш учун грантлар ажратиш ўзаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишини ташкил қилмоқда. ICCR яқинда янги ўқув йили учун ҳам танлов эълон қилди. Хусусан, жорий йил ўзбекистонлик йигит-қизлар учун молия бошқаруви, бухгалтерия ва молия, хорижий тиллар, бошқа йўналишларда 12 та ўрин белгиланган.
– Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида жуда яқин алоқалар ўрнатилган ҳамда турли йўналишларда, жумладан, маданият соҳасида ҳам узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – деди ICCR бош директори Кумар Туҳин. – Ўзбекистон элчихонаси билан ўзаро муносабатларимизнинг истиқболларини муҳокама қилдик ҳамда икки томонлама алоқаларимизни мустаҳкамлаш учун биргаликда ишлашдан мамнунмиз.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистонда фаолият юритаётган ҳинд ва ўзбек тилларини ўрганиш марказларини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий дарсликлар ҳамда ўқув қуроллари билан таъминлаш, икки мамлакат олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўртасида алмашув дастурларини амалга ошириш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлик билдириб, шу мақсадда маданий-гуманитар тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси