Logo

Ўзбекистон делегацияси халқаро электротехника кўргазмасида фаол қатнашди

Апрель 30, 2026. 20:08 • 2 дақ

44
Ўзбекистон делегацияси халқаро электротехника кўргазмасида фаол қатнашди

ИСТАНБУЛ, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган халқаро электротехника соҳасидаги кўргазмада фаол иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Electric Lightning Energy Smart Technologies” номли кўргазма доирасида туркий давлатлар ўртасида сармояларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига бағишланган ялпи йиғилиш ўтказилди. Иштирокчилар минтақавий иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш ҳамда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон делегацияси йиғилиш давомида туркий мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар ҳақида тайёрланган тақдимот намойиш этилди.

Шу билан бирга, дипломатлар “Vatan Kablo”, “Alves” ва “Seval” компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларни етказиб беришни ташкил этиш ва технологиялар алмашиш масалалари кўриб чиқилди. Янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва мавжуд ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Кўргазма якунлари бўйича туркий давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ўтказилган музокаралар янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга замин яратгани таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш