Logo

Янги Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг самарали натижалари БМТ бош қароргоҳида юксак баҳоланди

Апрель 21, 2025. 12:28 • 5 дақ

100
Янги Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг самарали натижалари БМТ бош қароргоҳида юксак баҳоланди

НЬЮ-ЙОРК, 21 апрель. /"Дунё" АА/. Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимов ва тегишли давлат идоралари ҳамда вазирликлар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган "ЭКОСОС-2025" ёшлар форумида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форумнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев сўзга чиқди. У йиғилганларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ёшларни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси фаолияти ҳақида маълумот берилди. Ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш ва муаммоларини ҳал этишда рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиётдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова гендер тенглигини таъминлашга бағишланган сессияда Ўзбекистонда хотин-қизлар ва қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Уларнинг манфаатларини тўла таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари янгиланган Конституциямиз, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси ва 2030 йилгача гендер тенглигига эришиш стратегиясида ҳар томонлама ўз ифодасини топгани таъкидланди.

БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг ёшларни қўллаб-қувватлаш тажрибасига бағишланган махсус тадбир ташкил этилди.

Тадбирда БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ёрдамчиси Филиппе Паульер, ташкилотнинг ихтисослашган идоралари, дастурлари ва жамғармаларининг юқори мартабали вакиллари, аъзо давлатларнинг элчилари ва дипломатлари, шунингдек, академик ва жамоат доиралари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга мурожаати асосида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Муҳокамаларни очар экан, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасов йиғилганларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, аҳолининг ушбу қатлами ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилиш самаралари ҳақида сўзлаб берди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Янги Ўзбекистонни бутун дунёга тараннум этаётган, илм-фан, спорт, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда юксак ютуқларга эришаётган ёшларга яратилган шарт-шароитларни аниқ мисоллар орқали кўрсатиб берди.

Шунингдек, бугун давлат бошқаруви, иқтисодиёт, фан ва таълим, спорт ва маданият соҳаларида ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ёшлар истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилаётган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасалари, IТ-парклар, ижодий ва технопарклар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

БМТ бош котибининг ёрдамчиси Филиппе Паульер Нью-Йоркдаги "ЭКОСОС" ёшлар форуми доирасида ушбу муҳим тадбирни ташкил этгани учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистондаги тадбир шахсан ўзи иштирок этадиган ва асосий маърузачи сифатида қатнашадиган кам сонли қўшимча тадбирлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади. Бу Ўзбекистон эришаётган юксак даражадаги ҳамкорлик ва эътирофдан далолат беради.

Филиппе Паульер мамлакатимизда ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, ижтимоий кўникма ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни олқишлади. Ўзбекистон БМТнинг 2030 йилга қадар ёшларга оид стратегиясини намунали амалга ошириш бўйича дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторига киришини таъкидлади.

"Ўзбекистонда ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар форумининг нуфузи тобора ортиб бормоқда. Форум ёшлар ташаббуслари ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун самарали платформага айланиб бораётганини таъкидлаш керак. Ушбу муҳим тадбирда иштирок этиш учун жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши интиқлик билан кутаяпман",  деди БМТ Бош котибининг ёрдамчиси.


Туркиянинг БМТдаги элчиси Аҳмет Йилдиз ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ўз мамлакатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини ва Туркия томони бу борадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори эканини билдирди. Доимий вакил Ўзбекистон ёшлар сиёсатига бағишланган ушбу махсус тадбирнинг ўтказилиши ҳамкорликда иш олиб боришнинг истиқболли йўналишлари, хусусан, илм-фан, таълим ва инновациялар йўналишида ҳамкорликда иш олиб бориш имконини берганини билдирди.


Қирғизистоннинг БМТдаги доимий вакили Аида Қосималиева Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини, бу ёшларнинг қўшма ташаббусларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратаётганини олқишлади. "Бишкек ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр", деди у.


Тожикистон миссияси дипломати Хотам Қурбонзода Ўзбекистон томонидан ўтказилаётган ёрдамчи тадбир мавзусининг долзарблигига урғу берди.


ИҲТ Ёшлар форумини молиялаштириш департаменти директори Синан Каршияки муҳим ташаббуслар ва устувор йўналишларни илгари суришда Ташкилотнинг ёшлар ҳаракатини фаоллаштириш ҳақида маъруза қилди. Унинг айтишича, ИҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари иқтисодий ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, спорт ва маданият соҳаларида ғоялар ва инновацион ечимларнинг ҳайдовчисига айланмоқда. Бу жараёнларда мамлакат раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш туфайли янги куч-қувватга эга бўлган Ўзбекистон ёшлари алоҳида ўрин тутмоқда.


ЮНФПА департаменти раҳбари Лейла Шарафи барча мамлакатларда демографик барқарорликни таъминлаш муҳим роль ўйнашини таъкидлади. У жамғарманинг ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди. "Ўзбекистон билан ўрнатилган самарали ҳамкорлик натижасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларнинг фуқаролик фаоллиги ва ижтимоий интеграциялашуви орқали салоҳиятини ошириш бўйича лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда", деди Лейла Шарафи.


АҚШнинг Гарвард университети тадқиқотчиси, Ўзбекистон фуқароси Нилуфар Қаҳҳорова "Ўзбекистонда ва ундан ташқарида илм-фан, инновациялар ва соғлиқни сақлаш орқали ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш" мавзусида маъруза қилди. У мактаблардан тортиб университетларгача таълим муассасаларида илмий-тадқиқот лабораториялари тармоғини шакллантириш орқали Марказий Осиёда минтақавий илмий экотизим яратишни таклиф қилди. Унинг айтишича, ёш тадқиқотчилар ўртасида мунтазам тажриба алмашишни фаоллаштириш, шунингдек, ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш бўйича ижодий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур.


"ЭКОСОС" форумида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари БМТ Бош котибининг ўринбосари, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича Олий вакили Фотима Рабаб, Бош котибнинг ёшлар масалалари бўйича ёрдамчиси Филиппе Паульер, ЮНЕСКОнинг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси директори Эллиотт Миченберг билан алоҳида учрашувлар  ўтказди.


2025 йил 15 май куни Оролбўйида ўтказиладиган "Рақамли "яшил" ташаббуслар" глобал ёшлар фестивалида Бош котиб ёрдамчиси Филиппе Паульер иштироки бўйича келишувга эришилди.


Жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО шафелигидаги 14-ёшлар форумига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар ёшлар форумини ўтказиш бўйича ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш