Париж шаҳрида Франция компанияси вакиллари билан Ўзбекистон ҳудудларида сув таъминоти тизимини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

Январ 19, 2024. 18:25 • 2 дақ

156
Париж шаҳрида Франция компанияси вакиллари билан Ўзбекистон ҳудудларида сув таъминоти тизимини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

ПАРИЖ, 19 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси дипломатлари Франциянинг «Eiffage» компаниясининг халқаро сув ва атроф-муҳит бўйича директори Николя Сюро ва тижорий ишлар бўйича масъул Адель Туа билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида сув қувурларини қуриш, энергия ва сув тежамкор технологияларини жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларни «Eiffage» компанияси томонидан ташкил этиладиган ўқув дастурларида малака оширишларини таъминлаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Николя Сюро Франция Президентининг 2023 йил 1-2 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, корхона Қашқадарё вилоятида жаҳон андозаларига жавоб берадиган узоқ муддат хизмат қилишга мўлжалланган сув қувурларини қуриш, энергия ва сув тежамкор технологияларини татбиқ этиш ҳамда сув инфратузилмасини самарали бошқариш тизимини жорий этиш лойиҳасини самарали амалга оширишни мақсад қилган.

Шунингдек ўқинг

Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва улар юзасидан тегишли музокаралар ташкил этишга келишиб олдилар.

«Eiffage» Франциядаги энг йирик қурилиш ва инжиниринг компанияларидан бири бўлиб, у кўплаб мамлакатларининг йирик қурилиш лойиҳаларида иштирок этмоқда. Компания узунлиги 50 км дан ортиқ бўлган «Ла-Манш» канали остидаги туннель, баландлиги 343 метр бўлган дунёдаги энг баланд автомобиль кўприги сифатида тан олинган «Милло виадук» кўприги ва тезюрар темир йўл каби муҳим объектларни барпо этган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш