Logo

Шанхайда Ўзбекистон рақамли технологиялар маркази очилди

Июнь 21, 2025. 12:22 • 2 дақ

97
Шанхайда Ўзбекистон рақамли технологиялар маркази очилди

ШАНХАЙ, 21 июнь. /"Дунё" АА/. Дунёдаги энг йирик инновацион мегаполислардан бири – Хитойнинг Шанхай шаҳрида Ўзбекистон рақамли технологиялар марказининг тантанали очилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон рақамли технологиялар марказининг очилиши рақамлаштириш, юқори технологиялар ва инновацион ривожланиш соҳасидаги Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.


Марказ Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан Хитойнинг "Shanghai Oriental Credits" компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Лойиҳа ахборот технологиялари соҳасидаги компаниялар, инвесторлар, экспертлар ҳамда Ўзбекистон ва Хитойнинг илмий ва таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.


Очилиш маросимида Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, икки мамлакат бизнес ва технологик ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этди.


Вазир Шерзод Шерматов ўз нутқида, Марказнинг очилиши Ўзбекистоннинг глобал технологик жараёнларга халқаро интеграциялашуви бўйича чуқур ўйланган йўналишни акс эттиришини таъкидлади. У бугунги кунда рақамли трансформация миллий ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисми эканлигини ва республика минтақада рақамли ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришда фаол иштирок этиш ниятида эканини ҳам қайд этди. Марказнинг Шанхайда ташкил этилиши нафақат Ўзбекистоннинг технологик салоҳиятини намойиш этади, балки хитойлик ҳамкорлар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади.


Муассаса Ўзбекистоннинг технологик салоҳиятини илгари суриш, ахборот технологиялари соҳасида экспортга йўналтирилган компанияларни қўллаб-қувватлаш, венчур ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, қўшма илмий ва таълим лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган кўп функцияли платформага айланади. Унда эксперт учрашувлари, стартап тақдимотлари, ўқув дастурлари ва икки давлатнинг рақамли экотизимлари ўртасида тажриба алмашиш учун тадбирлар ўтказилади.


"Shanghai Oriental Credits"  компанияси президенти Ху Чуан Хуа ўз навбатида марказ ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, сармоя жалб этиш, илғор билим ва технологик ечимлар алмашишга хизмат қилишини таъкидлади. Бу Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик доирасида янги ўсиш нуқтаси бўлиши кутилмоқда. Унинг айтишича, компания Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги энг истиқболли ҳамкорлардан бири сифатида қарайди ва мамлакат рақамли иқтисодиётининг муҳим соҳаларида ўз иштирокини кенгайтириш ниятида.


Шанхайда Ўзбекистон рақамли технологиялар марказининг ташкил этилиши инновациялар, технологиялар ва рақамлаштириш марказий ўринни эгаллаган Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш йўлидаги йўналишнинг мантиқий давоми бўлди. Бу ҳам икки давлат раҳбарларининг кейинги йиллардаги учрашувлари якунлари бўйича эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги яна бир амалий қадамдир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш