Сирдарёда Венгрия тажрибаси асосида “Смарт қишлоқлар” модели жорий этилади
Декабрь 04, 2025. 17:38 • 2 дақ
• 415
ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Венгрия давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазири Тибор Наврачич, Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Ҳусаинов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот жараёнида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Бу жараёнлар мамлакатлар Етакчиларининг ўзаро ишончга асосланган сиёсати ва олиб бораётган изчил дипломатик саъй-ҳаракатлари самараси эканлигига алоҳида урғу берилди.
Муҳокамалар давомида Венгриянинг “Смарт қишлоқлар” моделини Сирдарё вилояти Ховос туманида пилот лойиҳа шаклида амалга ошириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Сирдарё вилояти Ховос туманида 50 гектар ер майдонида Ўзбекистон–Венгрия технопаркини ташкил этиш, Венгриянинг Будапешт шаҳрида тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказиш, Гулистон давлат университетида Венгриянинг МАТE университети балиқчилик факультети фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Венгриянинг Давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожлантириш вазирлиги ўртасида давлат бошқаруви ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида иштирокчилар давлат хизмати, инсон ресурсларини бошқариш ва давлат бошқаруви соҳаларида қўшма тадбирлар, лойиҳалар ва ўқув дастурларини амалга оширади. Шунингдек, инновацион бошқарув усуллари, инсон капитали самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик қилинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси