Logo

Токиода Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари энергетика соҳаси мутасаддиларининг учрашуви бўлиб ўтди

Сентябрь 27, 2023. 10:29 • 2 дақ

198
Токиода Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари энергетика соҳаси мутасаддиларининг учрашуви бўлиб ўтди

ТОКИО, 27 сентябрь. /«Дунё» АА/. Токиода бўлиб ўтаётган «Tokyo GX Week» халқаро ҳафталиги доирасида Япония ва  Марказий Осиё давлатлари энергетика вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди, деб  хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.



Унда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Ясутоши Нишимура, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов (онлайн), Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев (онлайн), Қирғизистон табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Мелис Тургунбаев, Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума, Туркманистон давлат вазири – «Туркмангаз» давлат концерни раиси Максат Бабаев иштирок этди.

Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Ясутоши Нишимура  тадбир аввалидаги нутқида Марказий Осиё минтақаси географик ва сиёсий нуқтаи назардан катта аҳамиятга эгалигини айтиб ўтди. Унга кўра, Япония ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо, иқтисодий ва энергетик ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга япон томони катта эътибор қаратмоқда.

Марказий Осиё давлатлари вазирлари ўз чиқишларида, «яшил» энергетикага ўтиш, карбонат ангидрид чиқиндиларни камайтириш, муқобил энергияларни тадбиқ этиш ҳамда бу борада олиб борилаётган давлат сиёсати ва амалга оширилаётган дастурлар тўғрисида батафсил маълумотларни бердилар.

Хусусан, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ўз маърузасида  мамлакатимизда Орол фожиаси ва сув ресурсларини чекланганлиги муаммосига тўхталиб, бу масала минтақавий муаммо эканлиги қайд этди. Шу билан бирга, 2030 йилгача Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури қабул қилинганлиги ва дастурга мувофиқ иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш режалаштирилганини таъкидланди.

Ўзбекистон энергетика вазири, шунингдек, бугунги кунда япон компаниялари томонидан мамлакатимизда қуввати 2500 МВ тенг юқори технологик электр станциялар барпо этилганлигини ва ҳозир кунда «Соджитс Ко», «Тойота Тсушо Ко», «Ханва Ко» сингари йирик компаниялари муқобил энергия лойиҳаларини хусусий шерикчилик асосида амалга оширишга катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш