АҚШ билан музейлар фаолияти бўйича ҳамкорлик қилинади
Февраль 13, 2026. 11:02 • 2 дақ
• 79
ВАШИНГТОН, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида АҚШ Осиё санъати миллий музейи директори Чейз Робинсон билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашиш бўлди. Шу билан бирга, Музейлар соҳасида қўшма дастурлар, академик ташаббуслар ва профессионал алмашинувларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида Чейз Робинсон Ўзбекистон халқини давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан табриклади. Унинг таъкидлашича, ислом дини Яқин Шарқда пайдо бўлганига қарамай, унинг жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим босқич бўлган илмий ва маданий равнақи кўп жиҳатдан Марказий Осиё, жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ бўлган.
Унинг фикрича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни маданий ва интеллектуал уйғонишнинг янги босқичи сифатида кўриш мумкин.
Томонлар маданий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш, икки мамлакат музейлари ўртасидаги институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар ва мутахассислар алмашинувини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқди.
Жорий йилда АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан музей директори Элчихона билан ҳамкорликда ўзбек маданияти ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини оммалаштиришга бағишланган дастурларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон музейлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Чейз Робинсон барқарор ва узоқ муддатли шерикликни шакллантириш мақсадида республиканинг тегишли музей муассасалари билан ўзаро англашув меморандумларини имзолаш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар “Smithsonian Magazine” журналининг Ўзбекистон маданияти ва тарихий меросига бағишланган махсус сонини тайёрлаш ва нашр этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Бундан ташқари, Чейз Робинсон элчихона билан ҳамкорликда Ўзбекистонга режалаштирилган ташриф ҳақида маълумот берди. Ташриф доирасида юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари, меъморий обидалари, замонавий шаҳарсозлик ютуқлари билан танишиш ниятида эканини билдириб, миллий таомларга қизиқиш билдирди.
Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигини янада ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
