Logo

Буюк Британияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди

Ноябрь 28, 2024. 19:40 • 3 дақ

207
Буюк Британияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди

 ТОШКЕНТ, 28 ноябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 24-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация ташриф билан Буюк Британияда бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган муҳим учрашувлар ўтказилди.


Сафарнинг илк кунида Ислом тадқиқотлари бўйича Оксфорд маркази ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази делегацияси иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Суҳбат чоғида Янги Ўзбекистон ташаббуслари, Ислом цивилизацияси марказининг мегалойиҳаси ҳамда қўшма лойиҳаларнинг истиқболлари муҳокама қилинди.


Марказ раҳбари ва Оксфорд маркази директори Фарҳон Низомий ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишувлар доирасида "Ислом атласи" лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланди, унда Ўзбекистон Марказий Осиёга оид бўлимни яратиш ташаббусини ўз зиммасига олди. Шунингдек, 2025 йилда Тошкентда Оксфорд марказининг 40 йиллик юбилейига бағишланган конференция ўтказиш ҳақида келишувга эришилди.


Шунингдек, мамлакатимиз вакиллари Бодлиан кутубхонасида бўлди. У ерда ўзбек делегацияси кутубхона жамғармаси фаолияти билан танишиб, кутубхона вакили Николас Контовас билан учрашди. Ташриф давомида Магдален коллежи фаолияти билан танишилди.


Ўзбек талабалари ва олимлари учун икки ойлик малака ошириш курсларни ташкил этиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган "Ат-Термизий" ва "Ал-Бухорий" стипендиялари муҳокама қилинди. Ислом цивилизацияси маркази томонидан Оксфорд марказига 10 жилдли Қуръон таржимаси ва "Китоб" асарининг янги нашри тақдим қилинди.


Ташрифнинг иккинчи кунида делегация аъзолари Лондондаги Британия кутубхонаси, CNNнинг Лондондаги офиси, Британия музейи ҳамда Виктория ва Альберт музейида бўлиб, тарихий қўлёзмалар, ҳужжатлар ва Ўзбекистон маданияти ҳамда тарихига оид ноёб экспонатлар билан танишди. Улар орасида Марказий Осиё олимлари Беруний, Ибн Сино ва Ал-Фарғоний қўлёзмалари, Бухоро хаттотлик мактабида яратилган ноёб Қуръон нусхалари, Буюк Ипак йўлига оид тарихий хариталар, Сўғд тангалари ва зеб-зийнатлари, Афросиёбдан топилган кулолчилик буюмлари ва Риштон керамикаси, Заргарлик билан ишланган ўзбекча сўзаналар бор.


"Fitsuilliam" музейига ташриф давомида, музей коллекцияси билан танишилди, музейи директори билан ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди ҳамда китоб-альбомларни музейга совға сифатида топшириш тадбири ўтказилди. Делегация вакилларининг "Parker Library" раҳбари, "Corpus Christi" коллежи директори, "Silk Road in King’s College" лойиҳаси иштирокчилари билан учрашув ташкил этилди.


Буюк Британияга ташрифнинг учинчи кунида Кембриждаги энг қадимги коллеж – "Peterhouse" кутубхонаси ва Бош университет кутубхонасига ташриф уюштирилди. Унда Қуръон тафсири, ал-Бухорий, Ҳилолий ва бошқа олимларимизнинг қўлёзмалари кўздан кечирилди.


Ислом цивилизацияси маркази ва "Ал-Фурқон" Исломий мерос жамғармаси мутасаддилари ўртасидаги учрашув ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Мулоқот чоғида Ислом цивилизацияси марказининг асосий лойиҳалари, жумладан, исломий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган ташаббуслари тақдим қилинди.


"Ал-Фурқон" жамғармаси билан қўшма қўлёзмалар чоп этиш ва уларни хорижий тилларга таржима қилиш лойиҳалари бўйича янги меморандумлар имзоланди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ушбу жамғарма билан ҳамкорлик VIII Халқаро Конгресс ва Маданий мерос ҳафталиги доирасида, Самарқандда 2024 йил октябрь ойида бошланган.


Жорий ташриф давомида жамғармага тўртта қўлёзма тақдим этилди ва уларнинг факсимиле нашрларини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.


Сафар давомида Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида "Ўзбекистон ва Буюк Британия: Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий кўприк" мавзусида медиа-тадбир бўлиб ўтди. Унда дипломатик корпус, илмий доиралар ва маданий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.


Тадбирнинг асосий қисмида "Дунё тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси" китоб-альбомлари туркумининг тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, Мoтуридий, Бухорий ва Термизийга бағишланган илмий марказлар лойиҳалари ва ҳужжатли фильмлари намойиш этилди.


Мамлакатимиз делегацияси, шунингдек, "Christi's" ва "Sotheby's" кимошди савдо уйлари фаолиятини кўздан кечирди. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш