Logo

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси 23 йиллик танаффусдан сўнг Осиё кубогига йўл олди

Июль 08, 2025. 14:46 • 52 сония

492
Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси 23 йиллик танаффусдан сўнг Осиё кубогига йўл олди

ТОШКЕНТ, 8 июль. /"Дунё" АА/. Пойтахтимиздаги "Бунёдкор" стадиони 2026 йилги аёллар ўртасидаги Осиё кубоги саралаш босқичининг "F" гуруҳи ўйинларини қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Футбол ассоциацияси маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида ташкил этилган "F" гуруҳи учрашувларида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Непал, Лаос, Шри-Ланка термалари билан рақобатлашди.

Футболчи қизларимиз дастлабки икки турда Шри-Ланка термасини 10:0, Лаос терма жамоасини эса 7:0 ҳисобида енгди.

Котрина Кулбите бошқарувидаги Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси сўнгги 3-турда Непал терма жамоасига қарши баҳс олиб борди ва учрашув 3:3 ҳисобида якунланди.

Жамоамиз голларига Диёрахон Хабибуллаева, Людмила Карачик ва Мафтуна Шойимова муаллифлик қилди. Икки жамоа барча кўрсаткичларда бир хил натижа қайд этгани боис гуруҳ ғолиби ва Осиё кубоги йўлланмаси пеналтилар сериясида аниқланди. Унда вакилларимиз 4:2 ҳисобида устун келди.

Шу тариқа Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси 23 йилдан сўнг илк бор Осиё кубогига йўл олди.

  "AFC Women's Asian Cup Australia-2026" 2026 йил 1-21 март кунлари бўлиб ўтади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш