Logo

Хушхабар: Ўзбекистон ва Озарбайжон 2027 йилги ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

Октябрь 02, 2025. 19:14 • 54 сония

88
Хушхабар: Ўзбекистон ва Озарбайжон 2027 йилги ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

ТОШКЕНТ, 2 октябрь. /"Дунё" АА/.  Бугун бўлиб ўтган ФИФА Кенгашининг навбатдаги йиғилишида кун тартибидан ўрин олган муҳим масалалар қаторида 2027 йилги 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги ФИФА Жаҳон чемпионати мезбонлари аниқланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон биргаликда ёшлар ўртасидаги Мундиалга мезбонлик қилиши белгиланди. Мазкур мусобақа ФИФА томонидан ўтказиладиган миллий терма жамоалар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан кейинги иккинчи нуфузли мусобақа ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз кўплаб йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиб, катта тажриба орттирди. Хусусан, 2024 йилда юртимизда ўтказилган ФИФА Футзал Жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилгани халқаро футбол ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилди. Мазкур мусобақалар, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларининг халқаро миқёсдаги йирик турнирларни ўтказиш бўйича етарлича тажриба ва салоҳият тўплашига имконият яратди.

2027 йилга келиб дунёнинг энг иқтидорли ёш футболчилари ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Ўзбекистон ва Озарбайжонда тўпланишади. Юртимиз, ҳар доимгидек, ўзининг меҳмондўстлиги, профессионал ёндашуви, футболга фидойилиги ва албатта футболсевар мухлисларининг меҳри билан бутун дунё эътиборини қозонишга тайёр.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш