Logo

Кураш Халқаро ҳарбий спорт кенгашининг расмий тақвимига киритилди

Июнь 10, 2025. 18:30 • 2 дақ

721
Кураш Халқаро ҳарбий спорт кенгашининг расмий тақвимига киритилди

ДЕҲЛИ, 10 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбек миллий спорт тури – кураш Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (International Military Sports Council – CISM) томонидан эътироф этилиб, унинг мусобақалар тақвимига расман киритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"CISM" Бош ассамблеясининг Шри-Ланка пойтахти Коломбо шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида бу ҳақда қарор қабул қилинди.


Халқаро кураш ассоциацияси (International Kurash Association - IKA), Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва мамлакатимиз Кураш федерациясининг изчил саъй-ҳаракатлари натижасида ушбу тарихий воқеага эришилди.


IKA Президенти Ҳайдар Фармон шу муносабат билан йўллаган мактубида "Бугун бутун жаҳон кураш оиласи учун фахрли ва қувончли кун бўлди. Кураш нафақат спорт тури, балки тинчлик ва шараф рамзи бўлган маънавий меросдир. Унинг CISM спорт тақвимига киритилгани халқаро майдонда, айниқса, ҳарбий спортчилар орасида янги юксак босқични белгилаб берди", деб таъкидлаган.


Халқаро ҳарбий спорт кенгаши Бош ассамблеясида IKA техник масалалар бўйича директори Рави Капур (Ҳиндистон) томонидан кураш спорт тури, унинг халқаро миқёсда ўсиб бораётган мавқеи ҳақида тақдимот ўтказилди.


"CISM" доирасидаги кураш бўйича биринчи расмий мусобақа – "Kurash Challenge Cup" жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилади. Аҳамиятлиси шундаки, мусобақанинг финал баҳслари 6 сентябрь – Жаҳон кураш кунида ўтказилади.


Курашнинг "CISM" мусобақалар тақвимига расман киритилгани миллий спорт турининг халқаро кўламдаги ривож топишининг янги босқичини бошлаб берди. Бу нафақат спортчилар, балки миллий федерациялар ва миллионлаб мухлислар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади.


Халқаро ҳарбий спорт кенгаши 1948 йилда ташкил этилган ва унинг бош қароргоҳи Бельгияда жойлашган. Ушбу ташкилот 140 давлатни бирлаштирган ҳамда ҳарбийлар ўртасида турли спорт мусобақалари уюштиради, тинчлик ва дўстлик ғояларини тарғиб қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш