Франция пойтахтида Ўзбекистон Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди
Июль 25, 2025. 10:40 • 4 дақ
• 129
ПАРИЖ, 25 июль. /"Дунё" АА/. Франция пойтахти Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Emile Anthoine" спорт марказида бўлиб ўтган мусобақалар Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси, Франция кураш федерацияси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Бу йилги мусобақаларда дунёнинг 25 давлатидан юзга яқин полвон иштирок этди. Турнирда курашчи йигитлар -90 ва +90 килограмм оғирликда, аёллар -70 ҳамда +70 килограмм вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Турнирнинг очилиш маросимида вазирлик ва идоралар, ҳудудий ҳокимлик вакиллари, дипломатик корпус, Франция ва халқаро ОАВ вакиллари, Францияда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз иштирок этди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев ва Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Муҳаммад Ризо Нассири иштирокчиларни қутлади.
Сўзга чиққанлар ўзбек миллий кураши жаҳоннинг барча қитъаларида жадал ривожланиб, халқаро аҳамиятга молик спорт турига айланиб бораётганини, Париждаги турнирнинг нуфузи ва географияси йилдан-йилга кенгайиб, дунёнинг энг кучли полвонларини ўзига жалб этаётганини таъкидладилар.
Париждаги кураш бўйича халқаро турнир нафақат мусобақалар майдонига, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик байрамига айланди.
Турнир давомида мамлакатимизнинг бой сайёҳлик ва гастрономик салоҳияти, халқ ҳунармандлари маҳсулотлари кўргазмаси, ўзбекистонлик санъат усталари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.
Ўзбекистон Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнирда аёллар ўртасида -70 кг вазн тоифасида Оверкамп Наоми (Нидерландия), +70 кг вазнда Нунн Члое Жессика (Буюк Британия) биринчи ўринни эгаллади. Эркаклар ўртасида эса -90 кг вазнда Ўзбекистон вакили Алихон Нодиров, яна бир полвонимиз Шерали Жўраев эса +90 кг вазн тоифасида бош совринни қўлга киритди.
Кураш баҳслари француз жамоатчилиги ва Франциядаги ушбу спорт турига мухлислик қиладиганларга катта қизиқиш уйғотди.
Филипп Оже, Довиль шаҳри мэри:
– Бугун ўзим яқиндан таниш бўлмаган ўзбек курашини кашф этганимдан жуда хурсанд бўлдим. Ўзбекистон Президенти соврини учун ўтказилган кураш турнири бир неча ҳафта аввал Довиль шаҳрида ўзбек модаси намойиши бўлиб ўтган мамлакатингиз билан танишувимни янада кенгайтирди.
Ушбу эсда қоларли воқеа бизга фойдали алоқалар ўрнатиш имконини берди, биз уларни маданият, сайёҳлик, ҳозирда эса спорт соҳаларида янада ривожлантириш ниятидамиз. Ўйлайманки, биз бир-биримизни яқинроқ билиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлида тўғри йўлдамиз.
Бундай фойдали алмашинувлар Ўзбекистон Президентининг жорий йил март ойида Францияга давлат ташрифидан сўнг янги суръат олди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади. Бу муҳим воқеа менга Ипак йўлидаги тарихий шаҳарга саёҳат қилишимга қўшимча сабаб бўлади, чунки мен Самарқандни кашф қилишни анчадан бери орзу қилардим.
Оливер Гризард, "УБАФ" банкининг халқаро савдо ва банк операциялари директори:
– Париждаги ушбу тадбирда иштирок этиш мен учун катта шараф. Ўзбекистон жаҳон миқёсида ўз номини нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки бошқа йўналишларда кенг тараннум этаётган давлат. Ўзбекистон спорт соҳасида ҳам улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Айниқса, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон атлетлари ажойиб натижаларга эришди.
Ўзбек миллий курашининг кенг миқёсда ривожланиши, Парижда нафақат Осиё, балки Европа, ҳатто Африканинг турли мамлакатлари спортчилари иштирокида ташкил этилган турнир, буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Максим Буер, Тулуза шаҳри мэри ўринбосари:
– Бугун Париж марказида муҳим тадбир – Ўзбекистон ва Марказий Осиёда кўп асрлик анъанага айланган миллий спорт турини ҳамда Франциянинг энг диққатга сазовор жойи – Эйфель минорасини бирлаштирган кураш бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди.
Охирги ойларда биз Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларда муҳим лаҳзаларга гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон Президенти жорий йилнинг март ойида Францияда давлат ташрифи билан бўлиб, унинг доирасида Президент Эммануэл Макрон билан учрашди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатингизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўли белгиланди. Бу маданий, иқтисодий ва геосиёсий нуқтаи назардан динамик лойиҳадир. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё миқёсида, балки жаҳон миқёсида ҳам тараққиёт сари жадал одимламоқда. Бу Франция ва Ўзбекистон нега бир-бири билан яқинлашиб, икки томонлама ҳамкорликни жадал ривожлантирмоқда, деган саволга ҳам жавоб беради. Жаҳон тарихида муҳим из қолдирган икки давлатнинг яқинлашуви дунёнинг икки минтақаси – Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Россия ОАВ: Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон кубогининг энг ёш ғолибига айланди
Ёнғин-қутқарув спорти бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари совриндор бўлди
Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси халқаро турнирда муносиб иштирок этди