Гўзаль Майтдинова: Тожикистон–Ўзбекистон муносабатлари ўзаро ишонч, миллий қадриятлар ва умумий манфаатларга асосланади

Август 29, 2026. 19:30 • 6 дақ

98
Гўзаль Майтдинова: Тожикистон–Ўзбекистон муносабатлари ўзаро ишонч, миллий қадриятлар ва умумий манфаатларга асосланади

ДУШАНБЕ, 29 август. /“Дунё” АА/. Россия–Тожикистон (славян) университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Гўзаль Майтдинова Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат ўзбек халқи тарихи, балки Марказий Осиё тарихида ҳам муҳим сана ҳисобланади. Тожикистон учун ушбу юбилей алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Ўзбекистон ва Тожикистонни умумий минтақавий география, кўп асрлик тарихий, маданий ва цивилизацион яқинлик боғлаб туради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шу ўринда, Тожикистон–Ўзбекистон муносабатларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Икки давлат ўртасидаги алоқалар ишонч ва яхши қўшничиликни тиклашдан стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига қадар юксалди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 22 октябрь куни ўрнатилган. Икки давлат мустақил тараққиётининг дастлабки ўн йилликлари осон кечмади. Иқтисодий, сиёсий ва инфратузилмавий тафовутлар ҳал этилмаган чегара масалалари, аҳоли ҳаракатининг чеклангани ва ўзаро ишончнинг етарли даражада бўлмагани билан уйғунлашди. Бироқ халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик, қариндошлик, маданий ва гуманитар алоқалар кейинчалик муносабатларнинг янги моделини шакллантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларда сифат жиҳатидан туб бурилиш юз берди. Олий даражадаги сиёсий мулоқот мунтазам ва ишончли тус олди. Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари анъанавий дипломатик доирадан чиқиб, янги мазмун билан бойиди.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил апрель ойида Тожикистонга давлат ташрифи, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, ҳукуматлар, парламентлар, ҳудудлар, ишбилармон ва илмий доиралар ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашуви икки томонлама ҳамкорликнинг янги сиёсий-институционал асосини яратди.

Бу жараёнда Тожикистон Президентининг 2026 йил 26–27 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини институционаллаштириш, доимий стратегик мувофиқлашув механизмини яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Айнан институционаллашув Тожикистон–Ўзбекистон муносабатларининг бугунги босқичини аввалги даврдан ажратиб туради. Аввалги келишувлар кўп жиҳатдан муайян даврдаги сиёсий ирода ва кун тартибига боғлиқ бўлган бўлса, бугун турли шароитлар ўзгаришига қарамай, ҳамкорликнинг изчиллигини таъминлай оладиган барқарор механизмлар тизими шаклланмоқда.

Олий давлатлараро кенгаш, Ҳукуматлараро комиссия, парламентлараро алоқалар, ташқи сиёсат идораларининг мунтазам маслаҳатлашувлари, минтақалараро ҳамкорлик ва соҳавий механизмлар иттифоқчиликнинг кўп босқичли архитектурасини яратмоқда.

Сиёсий ишонч босқичма-босқич иқтисодий алоқаларга, ўзаро боғлиқлик эса барқарорликдан умумий манфаатдорликка айланмоқда. Гуманитар яқинлик эса узоқ муддатли иттифоқчиликнинг ижтимоий асосини мустаҳкамламоқда.

Иқтисодий динамика ҳам бу ўзгаришларни яққол кўрсатмоқда. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 912,3 миллион долларга етиб, бир йилда 30 фоизга ошди. Бунда иқтисодий муносабатларнинг таркиби ҳам ўзгариб, савдо билан бир қаторда инвестициявий ҳамкорлик, саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш йўналишлари кенгаймоқда.

Саноат кооперациясини ривожлантириш айниқса истиқболлидир. Бугунги кунда икки томонлама муносабатларда саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш ва бошқа соҳаларда қатор лойиҳалар белгиланган. Бир неча йилга мўлжалланган дастур ва режаларнинг қабул қилиниши алоҳида лойиҳалардан дастурий-мақсадли ҳамкорлик моделига ўтилаётганидан далолат беради.

Келажакда бундай кооперация, айниқса, чегараолди ҳудудлари ва Фарғона водийсида трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириши мумкин.

Транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ҳам муҳим йўналишлардан биридир. Душанбе–Тошкент темирйўл қатновининг қайта тикланиши, автомобиль ва авиация йўналишларининг ривожланиши, юк ташиш ҳажмининг ортиши ҳамда чегара пунктларининг модернизация қилиниши икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий масофани қисқартирмоқда.

“Ойбек–Фотехобод” савдо-логистика марказининг ташкил этилиши ва “E-Permit” рақамли тизимининг жорий қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундай лойиҳалар нафақат савдони тезлаштиради, балки маъмурий тўсиқларни камайтириш, жараёнларни рақамлаштириш ва товарлар ҳамда одамлар ҳаракатини енгиллаштиришга асосланган янги трансчегаравий ҳамкорлик маданиятини шакллантиради.

Шунингдек ўқинг

Тожикистон–Ўзбекистон иттифоқчилигининг энг стратегик йўналишларидан бири сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликдир. Икки давлатнинг ушбу масалада рақобатдан кўра ҳамкорликка асосланган ёндашувга ўтиши принципиал аҳамият касб этади.

Гидроэнергетикани биргаликда ривожлантириш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш сув-энергетика масалаларини эҳтимолий рақобат майдонидан ўзаро манфаат маконига айлантириш имконини беради.

Тожикистон–Ўзбекистон иттифоқчилигининг энг мустаҳкам пойдевори гуманитар йўналишдир. Икки халқ асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган. Уларнинг тарихий хотирасида буюк мутафаккирлар, олимлар, шоирлар ва маданият арбобларининг умумий мероси мавжуд. Тил, оилавий, этномаданий ва диний алоқалар замонавий давлат чегараларидан анча олдин шаклланган. Шу сабабли, гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш икки давлат учун стратегик аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда маданий ва таълим алмашинувлари кенгайиб, маданият ва кино кунлари ўтказилмоқда, университетлар ва илмий марказлар ўртасидаги алоқалар ривожланмоқда, ёшлар ўртасидаги мулоқотлар фаоллашмоқда. Ўзбекистонда таълим ва маданий фаолиятнинг тожик тилида олиб борилиши учун ҳам кенг имкониятлар сақланиб қолмоқда. Бу мамлакатдаги тарихий-маданий хилма-хилликни асрашнинг муҳим омилидир.

Гуманитар ҳамкорликнинг янги босқичини умумий маданий меросга биргаликда мурожаат қилиш орқали ҳам кўриш мумкин. Тожикистон ва Ўзбекистонда суратга олинган “Ситораи ахтарон: Жомий ва Навоий” фильмининг яратилиши тарихий хотира замонавий мулоқот воситасига айлана олишининг ёрқин намунасидир.

Тожикистон ва Ўзбекистоннинг янги авлоди учун давлат чегаралари аввалгидек ажратувчи омил эмас. Ёшлар қўшни мамлакатларда таълим олмоқда, илмий ва маданий форумларда иштирок этмоқда, тадбиркорлик алоқаларини ривожлантирмоқда, саёҳат қилмоқда ва ягона ахборот маконидан фойдаланмоқда. Айнан улар халқлар ўртасидаги тарихий яқинликни замонавий ижтимоий воқеликка айлантирмоқда.

Натижада таълим, маданият, туризм, илм-фан, бизнес, минтақалараро алоқалар ва инсонлар ҳаракати орқали жамиятларни босқичма-босқич яқинлаштириш жараёни шаклланмоқда. Бундай интеграция сиёсий келишувларга нисбатан камроқ расмийлашган бўлса-да, реал ижтимоий алоқаларга таянгани учун кўпинча барқарорроқ бўлади.

Тожикистон ва Ўзбекистон халқаро майдонларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Икки давлат БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида тинчлик, барқарор ривожланиш, экология, маданият ва минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳамкорлик қилмоқда.

Икки давлатнинг минтақавий ва халқаро масалалар бўйича позицияларини мувофиқлаштириши нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, балки Марказий Осиёнинг умумий музокара салоҳиятини ҳам оширади.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожи Марказий Осиё тарихий яқинликни замонавий сиёсий ишончга, иқтисодий ўзаро боғлиқликни барқарорликка, умумий муаммоларни эса ҳамкорлик лойиҳаларига айлантира олишини кўрсатмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат босиб ўтилган йўлга назар ташлаш, балки келажак ҳақида ўйлаш учун ҳам муҳим фурсатдир.

Президент Шавкат Мирзиёев, ўзбек ҳамкасбларим, дўстларим ва қардош Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

Ўзбекистонга тинчлик ва барқарорлик, ҳар бир оилага бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

Ўзаро ҳурмат, ишонч ва иттифоқчиликка асосланган Тожикистон–Ўзбекистон муносабатлари янада ривожлансин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси