Нямтайширин Номтойбаяр: Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик янги босқичга чиқмоқда

Август 30, 2026. 10:30 • 3 дақ

102
Нямтайширин Номтойбаяр: Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик янги босқичга чиқмоқда

УЛАН-БАТОР, 30 август. /“Дунё” АА/. Мўғулистон Давлат Буюк Хурали аъзоси (парламент депутати), Бош вазир ўринбосари, Мўғулистон–Ўзбекистон ҳукуматлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси Нямтайширын Номтойбаяр мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат халқини чин кўнгилдан муборакбод этаман.

Мўғулистон ва Ўзбекистон халқлари қадимдан умумий тарих ва маданий мерос билан боғланган халқлар саналади. Кўп асрлар давомида элимизни тарихий ришталар, умумий цивилизацион мерос, ўзаро ҳурмат, ишонч ва дўстлик анъаналари боғлаб келмоқда.

Мўғулистон Ўзбекистоннинг мустақиллигини 1991 йил 19 декабрда тан олган, 1992 йил 25 январь куни эса мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Юртимизнинг давлатингиз билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйган дастлабки бешта давлатдан бири бўлгани муносабатларимиз ривожида муҳим аҳамиятга эгадир.

Сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари шарофати билан икки халқ муносабатлари тарихан янги босқичга кўтарилди. Кенг қамровли шериклик муносабатлари ўрнатилиб, биргаликда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух 2024 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борди. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев эса 2025 йил июнь ойида Мўғулистонга давлат ташрифи билан келди. Бу ташрифлар дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён раҳбарлар даражасидаги илк давлат ташрифлари бўлди.

Шунингдек ўқинг

Ҳукуматлараро комиссиянинг Мўғулистон қисми ҳамраиси сифатида давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқариш, савдо-иқтисодий алоқаларни янги поғонага кўтариш ҳамда тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш йўлида ўзбекистонлик дўстларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Мамлакатларимиз савдо, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, транспорт ва логистика, саноат, рақамли ривожланиш ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятларга эга. Ушбу имкониятларни аниқ дастур ва лойиҳалар орқали амалга ошириш ҳар икки тарафнинг ҳам мақсади ҳисобланади.

Ишончим комилки, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги биродарлик ришталари авлоддан-авлодга мустаҳкамланиб, кенг қамровли шериклик муносабатлари давлатларимиз тараққиёти ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилиб, сезиларли амалий натижалар беради.

Ўзбекистон мустақиллигининг тарихий 35 йиллиги билан яна бир бор табриклайман. Мамлакат халқига тинчлик ва хотиржамлик, оилаларга бахту саодат, фаровонлик тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш