Logo

Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округи ҳудудлари мутасаддилари ва тадбиркорлари билан самарали музокаралар ўтказди

Июль 29, 2025. 15:20 • 2 дақ

81
Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округи ҳудудлари мутасаддилари ва тадбиркорлари билан самарали музокаралар ўтказди

ЮГРА, 29 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари хизмат сафари билан Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округида бўлишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Ханти-Мансийск автоном округининг Совет тумани ва Нягань шаҳри расмийлари, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда ушбу ҳудудда ишлаётган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Совет тумани ҳокими Евгений Буренков ва ҳудуд тадбиркорлари билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, юртимизда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, бизнес-миссиялар уюштириш ва бошқалар хусусида фикр алмашилди.

Ўзбекистон туризм салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Сайёҳлар алмашинувини йўлга қўйиш, янги туризм маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Миграция масаласи мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди. Туман мутасаддиларига кўра, мазкур ҳудудда жойлашган корхона ва ташкилотларда ишчи кучига бўлган талаб жуда юқори. Мазкур бўш ўринларга Ўзбекистондан малакали ишчи кучини қонуний тартибда жалб қилиш эҳтиёжи мавжуд.

Ўзбекистон дипломатлари сафар давомида тахта-ёғоч маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи "Югорский лесопромышленный холдинг" бош директори Юрий Краев билан музокара ўтказдилар. Натижада мазкур корхонага Ўзбекистондан ишчи кучини жалб этиш бўйича дастурни амалга ошириш ва мамлакатимизнинг тегишли ташкилотлари билан музокараларни бошлаш тўғрисида келишиб олинди.

Сафар давомида Ханти-Мансийск автоном округида бўлиб турган ҳамюртларимиз учун сайёр консуллик қабули ўтказилди. Қабул давомида консуллик-ҳуқуқий масалалар ҳақида сўзлаб берилди, ватандошларимизнинг паспорт, Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш ва бошқа мурожаатлар тегишли тартибда ҳал этилди.

Бош консулхона ходимлари сафар давомида, шунингдек, Нягань шаҳри Думаси раиси Василий Меркулов ва шаҳар маъмурияти ходимлари, йирик иш берувчилар, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда турагентликлар раҳбарлари билан ҳам самарали музокара ўтказдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш