Ўзбекистон Скандинавия давлатлари билан фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ноябрь 12, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 55СТОКГОЛЬМ, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Швецияда Скандинавия мамлакатлари иш берувчилари, рекрутинг компаниялари ва юридик ташкилотлари билан қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар Ўзбекистон элчихонасида анъанавий ва онлайн форматларда бўлиб ўтди.
“SIA BRIGG” компанияси билан учрашувда Швеция меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларга Ўзбекистондан малакали мутахассисларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар номзодларни биргаликда саралаш, уларни касбий тайёрлаш ва тил ўрганишга тайёрлаш бўйича пилот лойиҳани ишлаб чиқишга келишиб олди ҳамда ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Норвегиянинг “VIZNOR” компанияси билан онлайн учрашувда ушбу давлат қишлоқ хўжалиги соҳасига мавсумий ва доимий ишчиларни юбориш, иш рухсатномаларини расмийлаштириш тартиби муҳокама қилинди. Компания ўзбекистонлик номзодлар ва уларни ишга ёлловчи норвегиялик иш берувчиларга ҳуқуқий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Миграция агентлиги ва “VIZNOR” ўртасида имзоланган меморандум асосида амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.
Даниянинг “SPIRAS” компанияси вакиллари билан мамлакат иш берувчиларининг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳамда ўзбек мутахассисларини ишга жойлаштиришнинг амалий механизмлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар бўш иш ўринлари ва малака талаблари бўйича мунтазам ахборот алмашиб боришга келишиб олди.
“Dairy Soft” лойиҳаси асосчиси, ватандошимиз Баҳодир Тиллабаев ҳамда ушбу лойиҳа доирасида Скандинавия фермаларида ишлаётган ёшлар билан онлайн учрашув ўтказилди. 2025–2026 йилларда 100 нафарга яқин битирувчи талаба чорвачилик ва паррандачилик фермер хўжаликларида амалиёт ўтагани ҳамда ишга жойлашгани қайд этилди. Президентимиз яратиб бераётган янги имтиёз ва шароитлардан фойдаланган ҳолда, яқин йилларда ушбу кўрсаткични бир неча баробар ошириш имкониятлари муҳокама қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинди.
Швециянинг “Niro” адвокатлик компанияси билан учрашувда Швеция Миграция агентлиги орқали иш рухсатномаларини олиш, меҳнат шартномаларининг ҳуқуқий кафолатлари ва хорижда ишлаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бу йўналишда доимий ҳамкорлик ўрнатишга келишилди.
Швеция институтининг “Global Professionals” магистратура стипендия дастури ғолиблари бўлган ўзбекистонлик талабалар билан онлайн мулоқот ўтказилиб, академик мобилликни кенгайтириш ва Швецияда таҳсил олган ёшлар салоҳиятидан ҳамкорликда фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.
Эришилган келишувлар юртдошларимизнинг Скандинавия мамлакатлари меҳнат бозорларига қонуний ва уюшган тарзда кириши учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда. Ўзбекистон делегациясининг Швецияга ташрифи давом этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



