Германияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди

Ноябрь 12, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 23
Германияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда Германияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Германиянинг “SBH West” компаниясида юк автомобиллари ва автобус ҳайдовчилари сифатида ишлаётган 60 нафар Ўзбекистон фуқароси иштирок этди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакили Нурилло Турамбетов ҳам мулоқот жараёнида қатнашди. У миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш муҳимлиги, интернетдаги радикал тарғиботга танқидий кўз билан қараш зарурлиги ҳамда тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Суҳбат давомида бузғунчи кучлар ва сохта диний гуруҳларнинг ёшлар ҳамда меҳнат мигрантларини экстремистик фаолиятга жалб қилиш мақсадида ижтимоий тармоқларда қўллаётган усулларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув қатнашчилари диний шиорлар ниқоби остида тарқатилаётган даъватларга алданиб қолмасликка чақирилди.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот чоғида инсонпарварлик тамойилларини чуқур англаш ва аждодлар маънавий меросига эҳтиром билан муносабатда бўлиш зарурлиги таъкидланди. Мазкур масалалар диний-маърифий асослар ва ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди.

Бош консулхона дипломатлари профилактик тадбирлар билан бир қаторда, ватандошларга долзарб консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича амалий кўмак ҳам кўрсатди. Хусусан, консуллик ҳисобига туриш тартиби юзасидан маслаҳатлар берилди.

Иштирокчилар хориждаги диний амалиёт, Германия миграция қонунчилигига риоя этиш ҳамда дипломатик ваколатхона томонидан консуллик-ҳуқуқий ёрдам олишга оид саволларига атрофлича жавоб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш