Logo

Бухорода бошланган лойиҳа Германияда янги иш ўринларини очмоқда

Апрель 07, 2026. 18:49 • 2 дақ

295
Бухорода бошланган лойиҳа Германияда янги иш ўринларини очмоқда

БЕРЛИН, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Бухоро шаҳрида амалга оширилган тажриба лойиҳаси натижасида кўплаб ўзбекистонликлар Германияда гўштни қайта ишлаш соҳасида иш билан таъминланмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу амалиётни мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ҳамда Германиянинг “Premium Food Group” менежери Томас Фёрстер ўртасида келишув имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Бухорода таълим олаётган юз нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси 2026 йилдаёқ Германияда иш билан таъминланади. Келгусида бундай ўқув дастурларини Нукус ва Термиз шаҳарларида ҳам йўлга қўйиш, битирувчиларни юқори маошли иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Қайд этилишича, “Premium Food Group” Германиядаги йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, 160 дан ортиқ корхонани бирлаштиради. Компания гўштни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларига ихтисослашган.

Амалга оширилаётган мазкур лойиҳа кадрлар тайёрлаш жараёнини иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжлари билан уйғунлаштирган самарали ҳамкорлик моделига айланмоқда. Бухорода бошланган тажриба хорижда талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш ва уларни кейинчалик иш билан таъминлашда янги ёндашув сифатида баҳоланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш