Ўзбекистон делегацияси Канадага ташрифи давомида ташқи ишлар, бандлик ва ижтимоий ривожланиш вазирликларида музокаралар, бизнес ва ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашувлар ўтказди
Апрель 08, 2026. 22:00 • 2 дақ
• 61
ТОШКЕНТ, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги делегация мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида Оттава ва Торонто шаҳарларида Канада давлат идоралари, ишбилармон доиралар ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, ташрифнинг марказий қисми Канада Ташқи ишлар вазирлигида ўтказилди. Учрашув давомида тарафлар икки томонлама муносабатларнинг барқарор ижобий ривожланаётганини қайд этиб, уларни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Хориж томони минтақавий ва халқаро кун тартиби доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлади.
Канада Бандлик ва ижтимоий ривожланиш вазирлигида ўтказилган учрашув мазмунли ва конструктив руҳда бўлиб ўтди. Унда консуллик-ҳуқуқий фаолият соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мулоқотларнинг муҳим қисмидан Торонтода бизнес вакиллари ва ўзбек диаспораси иштирокида ўтказилган тадбирлар ўрин олди. Унда Канадада яшаётган Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди. Шунингдек, ватандошлар форуми ўтказилиши авлодлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида она тилини ва миллий анъаналарни асраб-авайлашга қаратилган маданий-маърифий ташаббусларни кенгайтиришдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси