Ўзбекистон бош консули Кузбасс ҳибсхонасида сақланаётган ватандошлар билан учрашди
Апрель 10, 2026. 14:52 • 2 дақ
• 182
КЕМЕРОВО, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Кемерово вилояти Кузбасс ҳудудида жойлашган 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган 18 нафар ватандошимиз билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари, шикоятлари ва таклифлари тингланди. Улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан барча зарур маълумотлар батафсил қайд этилди. Маълум бўлишича, мазкур фуқароларнинг барчаси бир жиноят иши доирасида суд жараёнини кутиб, ҳибсхонада сақланмоқда.
Ватандошларимизга Бош консулхона томонидан уларга нисбатан қўлланилаётган Россия жиноят кодекси моддаларини енгиллаштириш ҳамда ишни тезроқ судга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, учрашув чоғида муассаса масъуллари билан ҳамкорликда тезкор равишда соғлиқ билан боғлиқ муаммо ҳам ҳал этилди. Хусусан, ўткир респиратор касаллик билан оғриётган бир нафар фуқарога малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.
Маълум қилинганидек, Бош консулнинг ушбу муассасада сақланаётган фуқаролар билан навбатдаги учрашуви 2026 йил июнь ойи бошига режалаштирилган.
Шу куни Бош консул Кемерово ва Ленинск-Кузнецкий шаҳарларида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам сайёр консуллик қабулини ўтказди. Унда фуқароларга қабул қилувчи мамлакат қонун-қоидаларига қатъий риоя этиш зарурлиги тушунтирилди. Ҳамюртларга ҳуқуқлари бузилган ҳолларда зудлик билан Бош консулхонага мурожаат қилиш тавсия этилди.
Учрашув давомида Бош консулхона томонидан фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича доимий ёрдам кўрсатишга тайёр экани таъкидланди.
Консуллик қабули доирасида Сурхондарё вилоятидан бўлган ва айни пайтда Кемерово вилоятидаги қурилиш объектларидан бирида фаолият юритаётган 20 нафар Ўзбекистон фуқароси консуллик рўйхатига олинди. Улар билан консуллик ва ҳуқуқий масалалар юзасидан зарур тушунтириш ишлари олиб борилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси