Ўзбекистон индонезияликлар орасида энг жозибали туризм йўналишларидан бирига айланиб бормоқда
Май 13, 2025. 11:31 • 2 дақ
• 51
ЖАКАРТА, 13 май. /"Дунё" АА/. Индонезия пойтахтида "Ўзбекистон – Имом Бухорий юрти" шиори остида "Indonesia – Uzbekistan Friendship Fun walk" тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

У Ўзбекистоннинг бой маданий ва маънавий мероси, республикамизнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилди.
Индонезия пойтахтининг Судирман номли марказий шоҳ кўчаларидан бирида бўлиб ўтган анжуманда мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган йирик туризм компаниялари раҳбарлари, "Gunadarma" университети ва "Trisakti" туризм институти профессор-ўқитувчилари, талабалар, тадбиркорлар, етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимиз тарихи, Имом Бухорий ҳаёти ва Ўзбекистон тараққиёт йўли ва ютуқларига бағишланган викториналар ташкил этилди. Унда ғолиб чиққан иштирокчи Ўзбекистонга сафар қилиш учун икки кишилик бепул саёҳат ваучери билан тақдирланди.
"Fun walk" форматида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида Ўзбекистон қуруқ мевалари тақдимоти ҳам ўтказилди. Махсус ташкил этилган павильонда юртимиздан келтирилган баргак, майиз, бодом, ёнғоқ ва бошқа турдаги неъматлар иштирокчиларга улашилди.
Анжуманда ҳозир бўлган индонезиялик меҳмонлар дўстлик маршида иштирок этдилар.
Дананг Гирин Дравардана, Индонезия текстиль уюшмаси ижрочи директори:
– "Fun walk" тадбирига оила аъзоларим билан бирга қатнашдим. Жакартанинг марказий кўчасида ташкил этилган анжуман давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яқин муносабатлар рамзи сифатида барча иштирокчиларда ўчмас таассурот қолдирди.
Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганман, лекин бугун ташкил этилган тақдимот орқали Марказий Осиёдаги бу муқаддас ўлканинг қанчалик бой тарих ва маданиятга эга эканини яна бир бор англадим. Ўзбекистон индонезияликлар орасида энг жозибали туризм йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Ватандошларим бу диёрни зиёрат қилишни орзу қилади. Ўзбекистон ўзининг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби қадимий шаҳарлари, тарихий обидалари, масжид ва мадрасалари, замонавий бино ва иншоотлари билан дунёда ном чиқарган. Бу заминдан етишиб чиққан улуғ донишмандлар, мутафаккир ва уламолар ислом дини тараққиётига ва илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган. Мен Имом Бухорий юртига, албатта сафар қиламан.
Адитя Адҳа Шаҳпутра, саёҳатчи-блогер:
–Индонезиялик сайёҳлар учун Ўзбекистон жуда қизиқарли йўналиш. Бу юрт дунё цивилизацияси ўчоқларидан бири сифатида эътироф этилади. Индонезиядан ҳар йили минглаб туристлар зиёрат мақсадида ушбу диёрга йўл олмоқда. Туризм йўналишида Ўзбекистоннинг афзалликлари талайгина.
Юртингизнинг қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида янада кўпроқ маълумот олишни истайман. Мовароуннаҳр уламолари Индонезия оролларида ислом динини тарқатишда алоҳида ўрин тутган. Шу боис, қўшма илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш ниҳоятда муҳим деб ўйлайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди