Ўзбекистон туризм салоҳияти Германияда кенг тарғиб қилинмоқда
Май 01, 2025. 09:19 • 2 дақ
• 101
БЕРЛИН, 1 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон халқаро туризм оламида Ипак йўлининг марказида жойлашган, бой тарихи, ранг-баранг маданияти ва меҳмондўст халқи билан сайёҳлар қалбини забт этиб бораётган мамлакат сифатида тобора катта эътибор қозониб бормоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Мана шу бетакрор салоҳиятни кенг тарғиб қилиш ва Германия дан сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида мамлакатимиз элчихонаси "ABC-Anda Business Communication GmbH" медиакомпанияси билан ҳамкорликда кенг кўламли тарғибот ишларини амалга оширмоқда.
Жорий йил бошидан буён Германиянинг "Mitteldeutsche Zeitung", "Aachener Zeitung", "Magdeburger Volksstimme", "Der Blick", "Sonntagsjournal", "Mein Südhessen", "Generalanzeiger-Landkreis", "Super Sonntag", "Harzer Volksstimme" ва бошқа газета ҳамда журналларида Ўзбекистон ҳақида мақолалар чоп этилди.
Уларда мамлакатимиз анъаналар ва замонавийлик туташган диёр сифатида тавсифланган. Хусусан, "Минг бир кеча эртаги мамлакатига саёҳат", "Шарқ эртакларидаги каби", "Ўзбекистон — оммавий туризмдан йироқ жозибадор макон", "Авангард меъморчилик" сарлавҳалар остида чоп этилган мақолаларда мамлакатимиз манзаралари, унинг бетакрор табиати, қадимий шаҳарлари ва замонавий инфратузилмаси ҳақида маълумотлар муштарийлар эътиборига тақдим этилган.
"Сайёҳлик маршрутидаги алоҳида эътибор қаратилган нуқталардан бири — бу Самарқанд шаҳри. Самарқанд, Буюк ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган, турли цивилизация ва маданиятларнинг туташган нуқтаси сифатида ном қозонган. Унинг минг асрлик гўзал, қадимий ва дунёга машҳур меъморчилик мажмуаси, яъни Улуғбек, Тилло қори ва Шердор мадрасаларини ўзида жамлаган Регистон майдони ер юзидаги мўжизалардан биридир", – дейилган нашрларда.
Қайд этилганидек, Самарқанд 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Шунингдек, мақолаларда Ўзбекистондаги замонавий транспорт инфратузилмасининг ривожлангани ҳам таъкидланган. Юқори тезликдаги замонавий поездлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа сайёҳлар учун қизиқарли шаҳарларни бирлаштириб, уларнинг сафарларини янада қулай ва тезкор бўлишини таъминлайди. Ўзбекистонинг гастрономик туризм имкониятлари ва маҳаллий бозорлари сайёҳларни ўзига фаол жалб этаётгани таъкидланган.
"Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг сайёҳлар учун яна бир ўзига хос жиҳати — унинг хавфсиз ва индивидуал йўналишларга бой туризм салоҳиятидир. Ўзбекистон ҳар доимгидек, бундан буён ҳам, нафақат Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий кўприк, балки хавфсиз туризм ва меҳмондўстлик макони сифатида жозибадор сайёҳлик маскани бўлиб қолади", – деб ёзган Германия ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди