«Ал-Жарида»: Ўзбекистон жаҳон туризм харитасида муҳим сайёҳлик йўналиши сифатида ривожланмоқда
Ноябрь 26, 2025. 07:21 • 2 дақ
• 197
АЛ-КУВАЙТ, 26 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кувайтнинг оммабоп «Ал-Жарида» газетасида «Ўзбекистонда туризм ва ЮНEСКО» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон жаҳон туризм харитасида муҳим сайёҳлик йўналиши сифатида тобора ривожланиб бормоқда. Мамлакатнинг бой маданий мероси ва бетакрор табиий ландшафтлари хорижий саёҳатчиларни тобора кўпроқ ўзига жалб этмоқда.
«Ўзбекистон учун ЮНEСКО билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Тарихий иншоотлар ва археологик объектларнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилиши уларни кенг миқёсида тарғиб қилиш, сайёҳлар орасида қизиқиш уйғотиш ҳамда Ўзбекистоннинг бутун дунё туризм индустриясидаги ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради», – деб ёзилган мақолада.
Манбада таъкидланишича, Ўзбекистондаги 7 та, жумладан, учта трансчегаравий объект ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
«Жаҳон мероси объектларини тарғиб қилиш – хорижий туроператорлар ўртасида мамлакатга бўлган қизиқишни кучайтиради, халқаро ташриф буюрувчилар сонини кўпайтиришга ёрдам беради, янги иш ўринлари яратади ва иқтисодий тараққиётга сезиларли ҳисса қўшади», – дея фикр билдирилган «Ал-Жарида» материалида.
Газетада айтилишича, эндиликда туризм фақат хизмат кўрсатиш соҳаси эмас, балки Ўзбекистоннинг очиқ, замонавий ва жадал ривожланаётган давлат сифатидаги нуфузини оширишнинг стратегик ресурсига айланди.
«2025 йилда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига Самарқанд шаҳрининг мезбонлик қилиши алоҳида рамзий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу йирик тадбир 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида ўтказилди. Форум 200 га яқин давлатдан нуфузли делегатларни жамлади ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш учун ўзига хос платформа бўлди», – дея таъкидланган мақола хулосасида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси