"The Print": Ўзбекистон 2030 йилга бориб ҳиндистонлик сайёҳлар сонини уч баравар оширишни режалаштирмоқда
Февраль 24, 2025. 09:09 • 2 дақ
• 88
ДEҲЛИ, 24 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги делегация шу йил 19-21 февраль кунлари бўлиб ўтган минтақа сайёҳлик ҳаётидаги энг йирик воқеа – Жанубий Осиё саёҳат ва туризм кўргазмасида (South Asia’s Travel & Tourism Exchange - SATTE) фаол иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз миллий павильони учрашув ва музокаралар учун энг гавжум майдончалардан бирига айлангани Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Улар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва бу борадаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида туркум материаллар чоп этди.
Оммабоп "The Print" нашрида чоп этилган "Ўзбекистон Ҳиндистонни визасиз тартибга эга давлатлар қаторига қўшишни режалаштирмоқда, 2030 йилга бориб ҳиндистонлик сайёҳлар сонини уч баравар оширишни режалаштирмоқда" сарлавҳали мақолада Ҳиндистон Ўзбекистон учун устувор бозорга айлангани ҳақида сўз юритилган.
Нашр Умид Шодиевнинг "Мақсадимиз 2030 йилга бориб Ўзбекистонга келаётган ҳиндистонлик сайёҳлар сонини уч баравар оширишдан иборат. Ҳиндистон паспорти эгалари аллақачон электрон виза олиш ҳуқуқига эга. Ҳиндистонни яқин келажакда Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига қўшиш масалани ўрганмоқдамиз", деган сўзларидан иқтибос келтирган.
Мақола муаллифи "The Print" ўқувчилари эътиборини бугунги кунда мамлакатимизда "Ўзбекистон 2030" стратегияси самарали амалга оширилаётганига қаратган.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил илгари сурилган "Ўзбекистон-2030" комплекс миллий ривожланиш режаси 2030 йилга бориб, иқтисодиётни эркинлаштириш, хорижий инвестициялар жалб қилиш ва туризм ва бошқа муҳим тармоқларни ривожлантиришга эътибор қаратган ҳолда мамлакатни ўрта даражадан юқори даромадли иқтисодиётга айлантиришни мақсад қилган", дейилади материалда.
"Мақсадимиз – 2030 йилга бориб мамлакатга йилига 15 миллион халқаро сайёҳни жалб этишдир", - деган Умид Шодиев нашрга.
Халқаро саёҳатчилар сони 2017 йилдаги 2,7 миллион нафардан 2024 йил рекорд даражадаги 10 миллионга етди, халқаро ўсиш биргина ўтган йилнинг ўзида 24 фоизга ошди, дея урғулаган "The Print" нашри.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси Ҳиндистон савдо сектори билан фаол ҳамкорлик қилиб, сайёҳлик агентликлари, авиакомпаниялар ва инвесторларни Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси каби бизнес-форумлар орқали янги имкониятларни ўрганишга ундамоқда. Шунингдек, мамлакат пресс-турлар ташкил этиш, янги, унчалик таниқли бўлмаган, бориш қийин бўлган йўналишларни тарғиб қилиш орқали ҳам истеъмолчилар билан алоқаларини кенгайтиришга интилмоқда, дея таъкидлаган мақола муаллифи.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди