Logo

"Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон" йўналишида туристик йўлак–ҳалқа ишлаб чиқилди

Август 20, 2025. 09:47 • 2 дақ

111
"Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон" йўналишида туристик йўлак–ҳалқа ишлаб чиқилди

ТОШКЕНТ, 20 август. /"Дунё" АА/. "Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон" йўналишида туристик йўлак – ҳалқа ишлаб чиқилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон туризм қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентининг "2025–2026-йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида трансчегаравий қўшма туристик маршрутларни кенгайтириш мақсадида "Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон" йўналишида туристик йўлак-ҳалқани яратиш белгиланган.


Мазкур Фармонга асосан, трансчегаравий ҳамкорлик доирасида янги туристик йўналиш – "Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон" йўналишидаги туристик йўлак-ҳалқа ишлаб чиқилди.


Туризм қўмитаси тегишли ташкилотлар ҳамда хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликда мазкур йўналишни сайёҳлар учун қулай, мазмунли ва маданий бой контентга эга қилиб шакллантирди.


Йўналишда сайёҳлар қуйидаги туризм турлари билан танишиш имкониятига эга бўлади:


Гастрономик туризм – ҳар бир минтақанинг миллий таомлари билан танишиш;


Экотуризм – табиий гўзалликлар ва ландшафтлар бағрида дам олиш;


Этнотуризм – халқ урф-одатлари, анъаналари ва ҳунармандчилик намуналари билан танишиш;


Зиёрат туризми – муқаддас қадамжолар ва тарихий-маънавий обидаларни зиёрат қилиш.


Йўналиш доирасида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳамда миллий ва минтақавий аҳамиятга эга 15 дан ортиқ обект қамраб олинган. Жумладан:


Туркманистонда – Қадимги Марв шаҳри, Дарвоза газ кратери, Кўхна Урганч;


Хоразмда - Ичан қалъа, Душан қалъа;


Қорақалпоғистонда - I.V. Савицкий музейи, Қизил қалъа, Чилпиқ қалъа, Султон Увайс Бобо зиёратгоҳи, Тупроқ қалъа, Аёз қалъа;


Қозоғистонда – Ториш водийси, Бўзжира водийси, Шақпақ Ота мақбараси, Шерқалъа тоғи.


Бу туристик ҳалқа нафақат саёҳат ихлосмандлари, балки маданият, тарих, санъат ва табиатни севувчилар учун ҳам чинакам кашфиёт бўлиши мумкин.


Сайёҳлар ва туристик ташкилотларга мазкур йўналиш бўйича мустақил равишда ёки туристик гуруҳлар таркибида бетакрор саргузаштларга бой саёҳатларни ташкил этиш тавсия этилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш