Logo

13 мартдан Тошкент ва Варшава ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

Февраль 16, 2024. 15:50 • 3 дақ

775
13 мартдан Тошкент ва Варшава ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

ВАРШАВА, 16 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида жорий йилнинг 13 март санасидан бошлаб «LOT Polish Airlines» авиакомпанияси томонидан йўлга қўйилаётган Варшава–Тошкент–Варшава ҳаво қатновига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Польшанинг «LOT Polish Airlines» авиакомпанияси раҳбарияти, «Rainbow», «Itaka», «Margot travel», «Mice Expert» ва «Logostour» каби етакчи туроператорлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистон–Польша ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари, Янги Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги тарихий дўстлик алоқалари, ўтган йили юртимизга ташриф буюрган польшалик сайёҳлар сони 8 мингтани ташкил этгани ва ушбу кўрсатгични жорий йилда 25 мингга етказиш режалаштирилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, анжуманда Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказишди. Унда давлатимиз раҳбарияти бошчилигида юртимизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди.

«LOT Polish Airlines» компанияси Сотув департаменти директори Марта Вишневска ўз нутқида, Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан юртимиз туризмига бўлган қизиқиш юқори эканлигини ва Ўзбекистоннинг бой тарихи кўплаб сайёҳлар каби унда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади. У очилажак ҳаво қатновлари Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги сайёҳлар алмашинувини янада ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига доир видеолавҳалар намойиш этилди ва иштирокчиларга тарғибот материаллари тарқатилди.

«LOT Polish Airlines» компанияси департамент директори Зузанна Войсик:

— Бугунги тадбир учун Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасига «LOT Polish Airlines» компанияси номидан чуқур миннатдорлигимни билдираман. Тадбир давомида биз юртингизнинг гўзал анъаналари, бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик.

Ишончим комилки, «LOT Polish Airlines» томонидан йўлга қўйилаётган Варшава–Тошкент–Варшава ҳаво қатнови юртингизга ташриф буюрадиган польшалик сайёҳлар оқимининг тобора ошишига туртки бўлади.

«Margot Travel» туристик компанияси раҳбари Малгожата Гулиньска:

- Ушбу анжуманда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Тадбир мафтункор Ўзбекистон билан танишиш учун ажойиб имконият бўлди. Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Барча сайёҳларни Ўзбекистонга саёҳат қилишга таклиф этаман. Аминманки, бу кишига ўзгача завқ бағишлайди.

«Travel Incentive» сайёҳлик компанияси раҳбари Агнешка Словик:

- Тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши муносабати билан бизни ушбу тадбирга таклиф қилганингиз учун раҳмат. «Travel Incentive» сайёҳлик агентлиги учун мазкур ҳодиса муҳим аҳамиятга эга. Чунки, Ўзбекистон йўналишдаги авиақатновлар бизнинг иш фаолиятимизга ижобий таъсир ўтказади. Ўтказилган тақдимот бизга манзур бўлди. Айниқса, тоғ-ёнбағридаги чанғи учиш учун курорти ўзгача таассурот қолдирди. Бизнинг Ўзбекистон билан бой ва ажойиб умумий тарихимиз бор. Шу сабаб ҳам ушбу йўналишдаги авиақатновлар жуда тез оммалашишига ишонаман. Барча польшаликларни Ўзбекистонга саёҳат қилишга таклиф қиламан.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш