Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасида қўшимча мунтазам янги авиақатнов йўлга қўйилди
Апрель 21, 2026. 17:38 • 3 дақ
• 56ИСЛОМОБОД, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг хусусий “Centrum Air” авиакомпанияси “Тошкент-Лаҳор-Тошкент” йўналишида қўшимча мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Шу йил 21 апрель куни мазкур авиакомпаниянинг “SU 6561” рейси маҳаллий вақт билан соат 06:30 да Лаҳор шаҳридаги Аллома Иқбол номидаги халқаро аэропортга муваффақиятли қўнди.
Лаҳор халқаро аэропортида илк парвоз халқаро авиация тартиб-таомилларига мувофиқ тантанали равишда сув аркаси билан кутиб олинди ва расмий маросим ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев, Ўзбекистоннинг Панжоб провинциясидаги фахрий консули Нажиб Воҳра, Аллома Иқбол номидаги халқаро аэропорт раҳбарияти, ҳаво кемаси командири ва экипаж аъзолари, етакчи туристик компаниялар вакиллари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда Тошкентдан учиб келган ва Лаҳордан йўлга чиқаётган йўловчилар иштирок этди.
Илк парвозни кутиб олиш маросимида сўзга чиққан Покистон вакиллари «Тошкент–Лаҳор–Тошкент» йўналишида йўлга қўйилган навбатдаги тўғридан-тўғри авиақатновлар учун самимий миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ва Карачи шаҳри ўртасида ҳам тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «Тошкент–Лаҳор» йўналишидаги парвозлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш, минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасида савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш ҳамда уни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга навбатдаги амалий натижа бўлди.
Шунингдек, ушбу авиақатновлар Ўзбекистон орқали Марказий Осиё мамлакатлари ва Покистон ўртасида қулай, тезкор ва хавфсиз ҳаво йўлини шакллантиришга хизмат қилади.
– «Centrum Air» компаниясининг Покистон бозорига кириб келиши ушбу мамлакатдаги «Gerry’s Group» каби кучли ва тажрибали ҳамкор томонидан қўллаб-қувватланаётганидан мамнунмиз, – деди «Centrum Air» авиакомпанияси вакили Адил Мирза. – «Лаҳор–Тошкент» йўналиши бўйича қўшимча ҳаво қатновларининг очилиши минтақавий алоқаларни кучайтириш ва йўловчиларга тармоғимиз бўйлаб янада самарали саёҳат имкониятларини тақдим этиш бўйича кенгроқ мақсадларимизни акс эттиради.
Шунингдек, ушбу янги йўналиш билан «Centrum Air» ўз парвозлар географиясини кенгайтиришни давом эттирмоқда ва Марказий Осиёни дунёнинг муҳим йўналишлари билан боғловчи ишончли ҳамда фаол авиакомпания сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.
Расмий тадбир якунланганидан сўнг самолёт 180 нафар йўловчи билан Лаҳордан Тошкентга учиб кетди.
Маълумот учун, бугунги кунда «Тошкент–Исломобод» ва «Тошкент–Лаҳор» йўналишлари бўйича амалга оширилаётган авиақатновлар сони 6 тага етди. Улардан иккитаси «Тошкент–Исломобод», тўрттаси эса «Тошкент–Лаҳор» йўналишига тўғри келади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


