Logo

Ҳиндистоннинг Тамилнаду штатида Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдим этилди

Апрель 21, 2026. 09:32 • 3 дақ

54
Ҳиндистоннинг Тамилнаду штатида Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдим этилди
Ҳиндистоннинг Тамилнаду штатида Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдим этилди
Ҳиндистоннинг Тамилнаду штатида Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдим этилди
Ҳиндистоннинг Тамилнаду штатида Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдим этилди

ЧЕННАИ, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистоннинг Тамилнаду штатининг маъмурий маркази - Ченнаи шаҳрида роуд-шоу ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда жанубий Ҳиндистон минтақасининг шериклик географиясини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган 100 дан ортиқ етакчи сайёҳлик компанияси ва операторлари иштирок этди.

Форум ташкилотчи Ўзбекистоннинг жадал ўсиб бораётган туристик салоҳиятини тақдим этди. Асосий эътибор замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, тарихий ёдгорликлар ва маданий марказлар, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш, янги ва жозибадор йўналишларни ишга тушириш каби масалаларга қаратилди.

“Uzbekistan Airways” АЖ вакиллари икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар, жумладан, рейслар частотаси ва чипталарни харид қилиш шартлари, шунингдек, сайёҳлик гуруҳлари учун манфаатли таклифлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Сўнгги 5-6 йил ичида Ҳиндистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими бир неча баробар ошди. 2025 йилда мамлакатимизга илк бор 80 мингдан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳ ташриф буюрди. Роуд-шоу иштирокчилари келгусида ушбу кўрсаткични янада ошириш учун салоҳият улкан эканини ишонч билан қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Қадимий ўзбек шаҳарларига саёҳатларга бўлган талабнинг юқори экани тўғридан-тўғри рейслар сонининг кўпайишига асос бўлмоқда. Бугунги кунда Тошкентга мунтазам парвозлар нафақат Деҳлидан, балки Мумбай ва Гоадан ҳам амалга оширилмоқда. Сўнгги ойларда ушбу авиақатновлар географияси янада кенгайди. “Centrum Air” авиакомпанияси Тошкент - Деҳли йўналиши бўйича рейсларни йўлга қўйди, “Uzbekistan Airways” АЖ эса Намангандан Ҳиндистон пойтахтига тўғридан-тўғри ҳаво алоқасини очди.

Ҳиндистонлик туроператорлар ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта қизиқиш билдирди. Айниқса, уларда Ўзбекистон туристик инфратузилмасининг изчил ривожланиш кўрсаткичлари катта таассурот қолдирди. Замонавий меҳмонхоналар, қулай шаҳарлараро транспорт воситалари, овқатланиш ва дам олиш масканларининг хилма-хиллиги юртимизга сайёҳлар оқимининг жадал суръатларда ошишига хизмат қилмоқда.

Савол-жавоб сессияси доирасида Ҳиндистон бизнес вакилларига барча асосий мавзулар бўйича батафсил шарҳ тақдим этилди. Мамлакатимизнинг асосий дурдоналари - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлар бугунги кунда тезюрар поездлар ва қулай авиамаршрутлар билан боғланган бўлиб, бу саёҳатни максимал даражада қулай қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ҳиндистондан келаётган сайёҳлар оқимининг изчил ўсаётганини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда миллий ҳинд таомларига ихтисослашган кафе ва ресторанлар учун ошпазларни тайёрлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. Ушбу қарор Жанубий Осиёдан келган меҳмонлар ўзлари ўрганган одатий таъмлардан баҳраманд бўлишини кафолатлайди ва саёҳатни янада ёқимли қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш