«Московский комсомолец» газетаси: Туризм соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти камида 1 миллион янги иш ўринларига эга бўлади

Ноябрь 20, 2023. 15:53 • 2 дақ

143
«Московский комсомолец» газетаси: Туризм соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти камида 1 миллион янги иш ўринларига эга бўлади

МОСКВА, 21 ноябрь. /«Дунё» АА/. Россиянинг оммабоп  "Московский Комсомолец" газетаси саҳифасида Ўзбекистонда туризм соҳасининг замонавий ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда туризм Ўзбекистондаги энг истиқболли тармоқлардан бири бўлиб, мамлакатда юзлаб мамлакатлар фуқаролари учун визасиз режим жорий қилингани, шунингдек, соддалаштирилган тартибда электрон виза олиш имконияти мавжуд эканлиги қайд этилган.


Хабар қилинганидек, икки йил ичида мамлакатда 800 дан ортиқ туризм инфратузилмаси лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди, 70 та янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 6 та хусусий авиаташувчи ўз фаолиятини бошлади.


"Чора-тадбирлар аллақачон ўз самарасини берган: Ўзбекистонда чет эллик сайёҳлар сони икки бараварга кўпайди, туризм соҳасидаги даромадлар тўрт бараварга ошди. Тез орада мамлакатга 15 миллион нафаргача чет эллик сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда", деб ёзади нашр.


Мақолада Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясида сўзга чиқиб, туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегия ишлаб чиқилаётгани, бу борадаги асосий йўналиш сифатида замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратилиши, катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилишини билдиргани россиялик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.


"Ўзбекистонда туризмни комплекс ривожлантириш стратегиясига биноан, туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда "очиқ осмон остидаги музей"лар ташкил этилади. Минтақа давлатлари билан қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш, Марказий Осиёда транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш диққат марказида бўлмоқда. Сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳисобидан келгусида камида 1 миллион янги иш жойларини яратиш мақсад қилинган", деб ёзади "Московский Комсомолец" газетаси.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш