Малайзияда бўлиб ўтган Тўртинчи халқаро зиёрат туризми конференциясида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тақдим қилинди
Сентябрь 14, 2024. 07:43 • 2 дақ
• 86
КУАЛА-ЛУМПУР, 14 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти 12-13 сентябрь кунлари Малайзияда бўлиб ўтган Тўртинчи халқаро зиёрат туризми конференциясида тақдим этилди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги, Ислом туризм маркази, Селангор штати администрацияси ташаббуси билан ташкил этилди. Унда 1000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳлик компаниялари, ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар, меҳмонхона бошқарув компаниялари, ОАВ вакиллари, таниқли блогерлар, бир қатор авиакомпаниялар ҳамда хорижий мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев иштирокчиларга мамлакатимизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Хусусан, тадбир қатнашчилари Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ислом дунёсига оид бир қатор зиёратгоҳлар фаолияти билан танишдилар.
Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан Малайзия фуқаролари учун республикага визасиз кириш тартиби амал қилаётганига маълум қилинди.
Бугунги кунда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида "Uzbekistan Airways" ва "Batik Air Malaysia" авиакомпанияларининг тўғридан-тўғри авиақатновлари мавжудлиги, ушбу йўналиш Марказий Осиё ва Жанубий-Шарқий Осиё минтақаси ўртасидаги сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Икки мамлакат туроператорларининг "B2B" шаклидаги учрашувлар давомида "Hasana Travel" компанияси томонидан тақдим этиладиган "зиёрат туризм", "тарихий-маданий туризм", "гастрономик туризм", "Умра+", "қишки туризм", "ишбилармонлик туризми" (MICE) каби сайёҳлик дастурларини Малайзия бозорида кенг тарғиб қилишга келишиб олинди.
Малайзияда мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш учун мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси кўмагида маҳаллий "Halal Rest & Rehlah" сайёҳлик журналида Ўзбекистонга бағишланган мақола чоп этилди ва ушбу журнал конференция иштирокчиларига тарқатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди