Logo

Сейшель ороллари ташқи ишлар ва туризм вазири Наманганга ташриф буюриши кутилмоқда

Март 16, 2025. 07:44 • 2 дақ

125
Сейшель ороллари ташқи ишлар ва туризм вазири Наманганга ташриф буюриши кутилмоқда

БЕРЛИН, 16 март. /"Дунё" АА/. Наманган вилояти делегацияси Германия пойтахтида бўлиб ўтган "ITB Berlin 2025" халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштироки доирасида самарали учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбир сайёҳликни ривожлантириш, соҳага инвестиция лойиҳаларини жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Унда Наманганнинг бой тарихий ва маданий меросини тарғиб этиш, 3000 йиллик Ахсикент археология ёдгорлиги ва 64-Халқаро гуллар фестивали ҳақида халқаро медиа платформаларда кенг қамровли маълумотлар тарқатиш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича қатор келишувларга эришилди.

Тадбир доирасида Наманган делегацияси туризм соҳасидаги халқаро медиа ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, "BBC Global Media", "Meso" компаниялари раҳбарлари ва "The Wondering Englishman", "Traveldave.co.uk", "Welcome" медиа платформалари вакиллари ҳамда блогерлари билан келгусидаги ҳамкорлик режалари белгилаб олинди.

"Ахсикент ҳақида тўлиқ таҳлилий материал тайёрлайман. Бу шаҳар нафақат қадимий маданият, балки замонавий ривожланиш салоҳияти билан ҳам диққатга сазовор", – деди англиялик блогер Алекс ван Терхейден.

Ярмарка доирасида Сейшель ороллари ташқи ишлар ва туризм вазири Луи Сильвестр Радегонд ва "Ахсикент" археология парки раҳбари Анвар Икром ўртасида музокара ўтказилди. Унда туризм, текстиль маҳсулотлари экспорти ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. "Мен Наманганга алоҳида эътибор билан қарайман. 2023 йилдаги ташрифим чоғида илк ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришган эдик. Бугун эса уларни амалий босқичга олиб чиқиш вақти келди", – деди вазир.

Учрашув давомида Сейшель оролларидаги 700 та меҳмонхона ва 2000 та меҳмон уйига Наманганда ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари, 64-Халқаро гуллар фестивалига ушбу мамлакатдан туристларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Луи Сильвестр Радегонд жорий йил май ойида расмий делегация билан Наманган вилоятига ташриф буюришини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Германиядаги туризм вакили "Nüma" агентлиги раҳбари Даля Алтунтепе Наманган вилоятининг расмий туризм элчиси этиб тайинланди ҳамда агентлик ва "Ziyarah Travel" компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

"ITB Berlin" 2025 ярмаркаси Наманган вилоят делегацияси учун самарали бўлди. Мазкур ишчи сафари вилоятнинг халқаро майдондаги сайёҳлик салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва минтақавий иқтисодий тараққиётни рағбатлантиришда муҳим қадамлардан бири бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш