Logo

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм бренди элчиси тайинланди

Июль 02, 2025. 07:11 • 3 дақ

68
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм бренди элчиси тайинланди

СЕУЛ, 2 июль. /"Дунё" АА/. Сеул шаҳрида Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туризм бренди элчиси этиб тайинланган Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти бош котиби Канг Да-юнга махсус сертификатни топшириш маросими ва унинг доирасида юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Жанубий Корея парламенти аъзолари, маданият ва туризм соҳасидаги етакчи мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ва нуфузли блогерлар иштирок этди.

Иштирокчилар давлатимиз раҳбарининг "Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси" ташаббуси ҳамда юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини намоён этувчи Тошкент, Бухоро, Хоразм каби шаҳарларнинг сайёҳлик  салоҳияти билан танишдилар. 

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши урғуланди.

Жанубий Корея вакиллари мамлакатимизда сўнги йилларда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолашди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туризм бренди элчиси этиб тайинланган Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти бош котиби Канг Да-юнга махсус сертификат топширилди.

Канг Да-юнга Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм бренди элчиси этиб тайинлангани катта шараф билан қабул қилди. Унинг айтишича, ушбу лавозим нафақат фахрий унвон, балки Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор туристик салоҳиятини халқаро миқёсда илгари суриш имконини ҳам яратади.

Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти бош котиби ўз нутқида таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги туризм алоқалари мислсиз суръатлар билан ривожланмоқда. Кўп йиллар мобайнида шаклланган дипломатик муносабатлар ўзаро ишонч, дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган мустаҳкам ҳамкорлик пойдеворини яратди.

Ушбу муносабатларнинг ёрқин намунаси сифатида, жорий йилнинг 4 июнь куни йўлга қўйилган Пусан - Тошкент йўналишидаги тўғридан-тўғри авиақатновни алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу муҳим қадам икки давлат ўртасидаги маданий, иқтисодий ва сайёҳлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқди. Шу билан бирга, саёҳат ва савдо соҳасидаги бир қатор тўсиқларни бартараф этиб, халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга кенг йўл очди.

Янги лавозимдаги фаолияти доирасида бош котиб Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини жаҳон бозорида фаол тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратишини алоҳида таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари ўзбек миллий куй ва қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар. Шунингдек, йиғилганлар учун ўзбек миллий таомлари, жумладан байрамона палов улашилди.

Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти 2002 йилда ташкил этилган. Ташкилот бугунги кунда 17 мамлакатдан 131 шаҳарни бирлаштирган ва минтақавий туризмни барқарор ривожлантиришда етакчи роль ўйнаб келмоқда. Самарқанд шаҳри ҳам ташкилотнинг аъзоси ҳисобланади.

Унинг асосий вазифаси – йирик шаҳарлар ўртасида туризм индустриясини жадал ривожлантириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш, ўзаро тажриба ва билим алмашувини таъминлашдан иборат.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш