Logo

Паркент туманида Жанубий Корея андозалари асосида "Чашма" этно қишлоғи ташкил этилди

Июль 23, 2025. 11:07 • 2 дақ

134
Паркент туманида Жанубий Корея андозалари асосида "Чашма" этно қишлоғи ташкил этилди

ТОШКЕНТ, 23 июль. /"Дунё" АА/. Тошкент вилояти Паркент туманида Корея Республикаси андозалари асосида "Чашма" этно қишлоғи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири

Туризм қўмитаси маълумотига кўра, мазкур лойиҳа Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг 2022 йилда Корея Республикасига амалий сафари давомида илгари сурилган ташаббуси асосида амалга оширилди.

Геонгсангбук-до вилоятида жойлашган машҳур "Andong Xaxve" фольклор қишлоғи билан танишув чоғида, шундай этно-қишлоқни Паркент туманида ташкил этиш таклифи билдирилиб, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур ташаббус маъқулланган эди. Бугунги кунга келиб лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, ўз фаолиятини бошлади.

Бундан асосий мақсад ҳудуднинг бетакрор табиати ва этнографик хусусиятларини асраб-авайлаш, шу орқали ички ва ташқи туризмни ривожлантиришдир.

Очилиш маросимида меҳмонлар учун фолклор санъати чиқишлари, миллий либослар намойиши ва рассомчиликка оид тасвирий санъат кўргазмалари ташкил этилди. Маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари, шу жумладан, Жанубий Кореянинг "Move" журнали ижодий гуруҳи учун эса Паркент тумани бўйлаб пресс-тур ташкил қилинди.

Инфо-тур давомида "Family Resort" оилавий меҳмон уйи, шунингдек, "Кумушкон" ҳудудидаги "Олтин бел" тепалигида қурилаётган курорт зоналари, енгил турдаги меҳмонхоналар ва бошқа туристик инфратузилма лойиҳалари билан таништирилди.

Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасидан маданият, туризм ва таълим масалалари бўйича бош мутахассис Хон Жи Ён ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш