Германияда туризм соҳаси тарғиботчилари учун учрашув ўтказилди
Декабрь 03, 2025. 08:49 • 2 дақ
• 351
БЕРЛИН, 3 декабрь. /“Дунё” АА/. Германияда “CTOUR Touristik.Forum” туризм журналистлари уюшмаси томонидан “Туризм соҳаси – 2025. Мулоқотга хуш келибсиз!” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир Германияда аккредитациядан ўтган Ўзбекистон, Швейцария, Туркия, Хорватия, Чехия, Польша, Македония ва Болгария давлатлари элчихоналари ташаббуси билан ташкил этилди.
Учрашувда туризм уюшмалари аъзолари, дипломатия ваколатхоналар ходимлари, туркомпания ва туроператорлар вакиллари ҳамда туризм соҳасининг фаол тарғиботчилари – журналистлар ва блогерлар қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон элчихонаси Германия, Швейцария, Болгария, Туркия давлатлари қаторида миллий ҳунармандчилик буюмлари стенди ва туризм тақдимоти дастури билан иштирок этди. Унда мамлакатимиз туризм имкониятлари ҳақидаги тарқатма материаллар, амалий санъат буюмлари, миллий либослар, зардўзлик, каштачилик, турли шарқона матолар ва бошқа анъанавий кийим-кечаклар ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилди. Стендда миллий гастрономия туризмини тарғиб этиш мақсадида меҳмонлар учун ўзбек миллий таоми – палов тортилди.
Элчихона вакиллари йиғилганларга Ўзбекистон туризми салоҳияти, хусусан янги сайёҳлик йўналишлари ва инфратузилмалар ҳақида маълумот берди. Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Катта экранда юртимиз туризми салоҳиятини ўзида акс эттирган видеолавҳалар намойиш этилди.
Европа Иттифоқининг туризм соҳасидаги етакчи мамлакатлари қаторида Ўзбекистон туризм соҳасининг эътироф этилиши, бошқа минтақалар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва юртимизда туристлар сонининг ошишига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси