Logo

“Travel Tomorrow”: Ўзбекистон 2026 йилда 12 миллион хорижий меҳмонни қабул қилишни режалаштирмоқда

Февраль 23, 2026. 10:11 • 2 дақ

213
“Travel Tomorrow”: Ўзбекистон 2026 йилда 12 миллион хорижий меҳмонни қабул қилишни режалаштирмоқда

БРЮССЕЛЬ , 24 февраль. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг оммабоп “Travel Tomorrow” нашрида “Ўзбекистон 2026 йил учун 12 миллионлик мақсадли туризм амбицияларини илгари сурмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашр бош муҳаррири Антонио Бускардини муаллифлигидаги мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ўзининг жадал ўсиб бораётган туризм соҳасини ривожлантиришда янги муҳим босқични эълон қилди: мамлакат 2026 йилда 12 миллион хорижий меҳмонни қабул қилишни режалаштирмоқда. Бу мақсад 2026 йилда Тошкентда бўлиб ўтган меҳмонхона бизнеси форумида алоҳида таъкидланган.

Ушбу ташаббус пандемиядан кейин туризмнинг муваффақиятли тикланишини акс эттиради ва туризмни мамлакат иқтисодий ривожланишининг асосий драйверларидан бирига айлантиришга қаратилган кенг кўламли стратегияга мос келади.

“Ўзбекистон сайёҳларни жойлаштириш имкониятларини фаол равишда кенгайтирмоқда. Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда мингдан ортиқ янги жойлаштириш воситалари – меҳмонхоналар, хостеллар ва оилавий меҳмон уйлари очилган”, дея фикр юритган муаллиф.

Материалда таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳозирда умумий ўринлар сони қарийб 185,6 минг бўлган 6 921 та жойлаштириш воситалари фаолият кўрсатмоқда. Бу нафақат ўсиб бораётган сайёҳлар сонини қабул қилиш, балки хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатнинг турли ҳудудларидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш имконини беради.

Шу билан бирга, мамлакат сайёҳлик харитасини Ипак йўлининг анъанавий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ташқарига кенгайтирмоқда. Қашқадарё, Қорақалпоғистон ва Фарғона водийси каби янги йўналишларни ривожлантиришга эътибор қаратилиб, сайёҳларга бой маданий ва табиий таассуротлар танлови таклиф этилмоқда.

Рақамлаштириш туризмни узоқ муддатли ривожлантиришнинг стратегик устувор йўналишига айланмоқда. Ҳукумат сайёҳлик тажрибасини шахсийлаштириш, ташриф буюрувчилар оқимини оптималлаштириш ва бутун соҳада хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект ва “ақлли” технологияларни фаол жорий этмоқда.

Ушбу инновациялар 2030 йилгача ҳар йили 20 миллион хорижий сайёҳни жалб қилишдек улкан мақсадга эришиш учун муҳим восита бўлиб, бу миллий ривожланиш йўл харитасида белгиланган.

Ички туризм ҳам соҳа ривожига катта ҳисса қўшмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон фуқаролари “Travel Uzbekistan” дастури доирасида 23,7 миллиондан ортиқ саёҳатни амалга оширди. Бу хизмат кўрсатиш стандартларини ошириш ва туризм соҳасининг барқарорлигини мустаҳкамлаш имконини берди.

“Travel Tomorrow” маълумотларига кўра, Ўзбекистон аллақачон дунёдаги энг тез ривожланаётган сайёҳлик йўналишлари қаторига киради. 2025 йилда халқаро ташрифлар сони қарийб 11 миллионга етди, туризмдан олинган даромад эса 4,4 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Барқарор инвестициялар, йўналишларни диверсификация қилиш ва рақамли технологияларни фаол жорий этиш орқали Ўзбекистон жаҳон бозорида замонавий, рақобатбардош ва жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатидаги мавқеини ишончли мустаҳкамламоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш