Logo

Ўзбекистон туризм салоҳияти Исроилда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада намойиш этилди

Май 11, 2025. 10:35 • 53 сония

144
Ўзбекистон туризм салоҳияти Исроилда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада намойиш этилди

ТЕЛЬ-АВИВ, 11 май. /Дунё" АА/. Шу йилнинг 7-8 май кунлари Исроил пойтахтида бўлиб ўтган 31-Халқаро Ўрта ер денгизи сайёҳлик кўргазмасида (IМТМ – 2025) Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 "IMTM – 2025" кўргазмасида, шунингдек, Озарбайжон, Венгрия, Вьетнам, Греция, Ҳиндистон, Хитой, Марокаш ва бошқа мамлакатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида "Air Samarkand" хусусий авиакомпанияси, "Silk Road Samarkand" сайёҳлик мажмуаси ва Исроилнинг "Asia Travel" сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда ярмарка майдонида Ўзбекистон стенди ташкил этилди.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг иштироки мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор архитектураси ва сайёҳлик йўналишларини намойиш этиш имконини берди.

Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги янги тўғридан-тўғри авиақатновларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, "Air Samarkand" авиакомпанияси томонидан 4 май куни Самарқанд - Тел-Авив - Самарқанд йўналишида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани туризм ривожига қўшимча туртки бўлиши таъкидланди.

Икки кун давомида кўргазмага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар ўзбек ошхонасининг энг сара таомларидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдилар.

Ташкилотчилар маълумотларига кўра, Ўзбекистон стендига мингдан ортиқ киши, жумладан, Исроилнинг йирик сайёҳлик компаниялари ташриф буюрган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш