Сайёҳлар Ўзбекистонда ўртача саккиз кун бўлади
Сентябрь 18, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 231
АНҚАРА, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг “GZT” портали Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янги сайёҳлик йўналишларининг кенгайишига эътибор қаратди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида Ўзбекистонга келган хорижий ташриф буюрувчилар сони 21,1 фоизга ошиб, 9,1 миллион нафарга етган. Туризм хизматлари экспорти эса 53,5 фоиз ўсиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этган. Бир туристга тўғри келадиган ўртача харажат 503 долларга етган бўлса, меҳмонларнинг мамлакатда қолиш муддати ўртача саккиз кунгача узайган.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива асосий туристик марказлар бўлиб қолмоқда. Айни пайтда Фарғона водийси, Қашқадарё, Сурхондарё, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Нукус каби ҳудудларига қизиқиш ҳам ортиб бормоқда.
Муаллифнинг таъкидлашича, транспорт инфратузилмасининг ривожланиши бу жараённи янада тезлаштирмоқда. Хусусан, “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поезди Тошкент–Хива йўналишидаги сафар вақтини қарийб 14 соатдан 7,5 соатга қисқартирди.
Туризмга бўлган талаб меҳмонхона инфратузилмасида ҳам акс этмоқда. 2026 йил январь–июль ойларида 705 та янги меҳмонхона объекти ишга туширилиб, 22 296 та янги ўрин яратилди. Натижада мамлакатдаги меҳмонхоналар сони 7 440 тага, умумий жойлаштириш қуввати эса 202 мингдан ошди.
Ўзбекистон туризми анъанавий Самарқанд–Бухоро–Хива маршрутидан ташқари, янги ҳудуд ва йўналишларни қамраб олган кенг туристик маконга айланиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси