Logo

Ўзбекистон немисзабон мамлакатларнинг туризм бозорларидаги фаолиятини жадаллаштирмоқда

Декабрь 07, 2023. 11:58 • 2 дақ

254
Ўзбекистон немисзабон мамлакатларнинг туризм бозорларидаги фаолиятини жадаллаштирмоқда

БЕРЛИН, 7 декабрь. /"Дунё" АА/. "Nüma" немис агентлиги асосчиси ва бошқарувчиси Далия Алтунтепе Ўзбекистон туризмининг Германиядаги расмий вакили сифатида ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Шу муносабат билан туризмга ихтисослашган бир неча нуфузли немис нашрлари республикамиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақолалар эълон қилди. Немис нашрларида таъкидланишича, бетакрор тарихий ёдгорликлари ва гўзал табиати билан машҳур бўлган Ўзбекистон бугунги кунда Германия, Австрия ва Швейцария каби немисзабон мамлакатларнинг (DACH минтақаси) туризм бозорига шахдам қадамлар билан кириб келмоқда.


Афсонавий Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентдаги маданий бойликлари, мафтункор ландшафти ва меҳмондўст халқи билан немис тилида сўзлашувчи сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилиб келмоқда.


Қайд этилишича, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги DACH минтақаси билан саёҳат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга катта эътибор бермоқда. Ўзбек томони билан эришилган келишувга мувофиқ, Германиянинг таниқли туризм соҳаси мутахассиси Далия Алтунтепе эндиликда Европа туризм бозорида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари борасида хабардорликни ошириш ва туроператорлар ҳамда сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш миссиясини бажаради.


DACH мамлакатларида Ўзбекистоннинг туризм ваколатхонасини ташкил этилиши мамлакатнинг немисзабон туризм бозорларидаги иштирокини кучайтиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Ушбу стратегик ҳамкорлик Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантириш ва немис тилида сўзлашувчи сайёҳларнинг янги оқимини мамлакатга жалб этишда муҳим омил бўлиши муқаррар.


Таъкидланишича, Далия Алтунтепе ўзбек туризми бизнесида узоқ йиллик тажрибага эга. Унинг раҳбарлигида 2008 йилдан буён Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудларига турлар уюштириш бўйича фаолият йўлга қўйилган бўлиб, мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган тадбирлар ўтказилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш