Ўзбекистон ҳиндистонлик янги оилалар учун тўй саёҳати манзилига айланиши мумкин
Февраль 25, 2024. 14:18 • 2 дақ
• 252
ДЕҲЛИ, 26 февраль. /"Дунё" АА/. Ҳиндистонда 24 февраль куни якунланган Жанубий Осиё савдо-туризм кўргазмаси (South Asia Trade Travel Exhibition - SATTE) доирасида уюштирилган шўъба муҳокамаларида Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тақдим қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Ҳиндистон Туризм ва маданият вазирлиги, қатор давлатлар туризм идоралари, етакчи сайёҳлик уюшмалари ва компаниялари, жумладан, Тинч океани ва Осиё минтақаси сайёҳлик уюшмаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимизнинг жозибадор туризм салоҳияти, сўнгги йилларда сайёҳлик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, яратилаётган қулай шарт-шароит ва имкониятлар, ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар самарасида Ўзбекистонга ташриф буюраётган туристлар сони йилдан йилга ўсиб бораётгани, хусусан, 2023 йил Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 2022 йилга нисбатан қарийб тўрт марта ошгани алоҳида таъкидланди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор амалий таклифлар илгари сурилди.
Мамлакатимиз миллий павильонида дипломатия миссияси, Ўзбекистон туризм қўмитаси, қатор туристик компаниялар ҳамда Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг сайёҳлик ташкилотлари ва компаниялари вакиллари ўртасида самарали музокаралар ўтказилди. Уларда, жумладан, сайёҳликнинг янги турларини биргаликда ўзлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, тўй маросимларини уюштиришга ихтисослашган йирик «WDNE» компанияси катта вице-президенти Вандита Бава билан учрашув чоғида ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги урғуланди ҳамда бу бораlf қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
- Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва сайёҳлик имкониятлари жозибадорлиги билан ажралиб туради, - дейди "Flying Leader" компанияси вакили Ҳамир Сингх. – Тез кунларда бир гуруҳ сайёҳларни Ўзбекистонга олиб бораётганимиздан хурсандмиз. Мамлакатингизнинг гўзаллиги билан яқиндан танишиш ва меҳмондўстлик анъаналарини ҳис қилиш ниятидамиз.
- Ушбу нуфузли кўргазмада Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда мамлакатнинг гўзаллиги ва бой меросини илгари сураётганимиздан мамнунмиз, - дейди "Blink Brand Solutions" компанияси вакили Аниш Маҳажан. - Ҳиндистонлик сайёҳлар орасида Ўзбекистоннинг туризм хилма-хиллиги ҳақида ёрқин тасаввурни шакллантиришга қаратилган туркум тадбирлар ўтказаяпмиз. Жорий йил Ўзбекистонга ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп сайёҳларни йўналтиришга эриши жараёнига ўзимизнинг амалий ҳиссамизни қўшамиз.
Ҳиндистонда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини илгари суриш бўйича туркум тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. 27 февраль куни Маҳараштра штатида "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпанияси томонидан апрель ойида Тошкент–Мумбай–Тошкент ҳаво қатновини қайта тикланаётгани ҳамда мамлакатимизнинг жозибадор туризм йўналишларига бағишланган йирик тақдимот маросими ўтказилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди