Logo

Ўзбекистон Хитойдан келаётган сайёҳлар сонини 1 миллионтага етказмоқчи

Июнь 20, 2024. 10:00 • 2 дақ

304
Ўзбекистон Хитойдан келаётган сайёҳлар сонини 1 миллионтага етказмоқчи

ТОШКЕНТ, 20 июнь. /"Дунё" АА/. 18 июнь куни Самарқанд шаҳрида ХХР туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Uzbektourism.uz" портали маълумотига кўра, форум Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Хитойда тарғиб қилиш ва икки мамлакат туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.

Бизнес-форумда 200 га яқин Ўзбекистон ва Хитойнинг туризм сектори вакиллари, жумладан, 16 июнь куни Сиань шаҳридан Самарқандга "LoongAir" авиакомпаниясининг биринчи мунтазам парвози орқали учиб келган соҳа вакиллари иштирок этишди.

"Жорий йилнинг сентябрь ойидан "Хитойда Ўзбекистон туризм йили"га старт берамиз. Бир йил давомида хитойлик сайёҳларни Ўзбекистон туризми, бой маданияти, мероси, қадриятлари билан яқиндан таништирамиз. Умуман олганда Хитойдан келаётган сайёҳларни босқичма-босқич 1 миллионга чиқаришни пировард мақсад қилиб олганмиз," – деди Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев.

Форум давомида Ўзбекистон ва Хитой вакиллари ўртасида B2B форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар туризм соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўргандилар.

Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми икки давлат вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Мазкур тадбир Ўзбекистон туризм индустриясининг юксалиши ва ривожланишига, мамлакатимизнинг жаҳон туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Самарқанд халқаро аэропортида "Loong Air" авиакомпаниясининг Сиань шаҳридан биринчи мунтазам парвози кутиб олинди.

"Loong Air" авиакомпаниясида 74 та борт мавжуд бўлиб, Хитойнинг 25 та шаҳрига ҳамда Бангладеш, Камбоджа, Гонконг, Индонезия, Малайзия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Филиппин, Жанубий Корея, Таиланд, Вьетнам ва Ўзбекистонга парвозларни амалга оширади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш