“Уральск – Тошкент” йўналиши бўйича янги авиақатнов тақдимоти бўлиб ўтди

УРАЛЬСК, 16 март. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида “Уральск – Тошкент” йўналиши бўйича янги, тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан сайёҳлик тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир Ўзбекистон элчихонаси, Оқтов шаҳридаги Бош консулхона, Туризм қўмитаси ҳамда “Centrum Air” авиакомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашувда сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналар, маҳаллий ишбилармон доиралар, Уральск халқаро аэропорти ва давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этди.
Тақдимот давомида Ўзбекистоннинг сайёҳлик тур-пакетлари, туризм йўналишлари, Тошкентга тўғридан-тўғри рейслар ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишича, янги ҳаво йўналиши қозоғистонлик сайёҳлар учун саёҳатни сезиларли даражада осонлаштиради.
Тадбирда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган лойиҳа ва ислоҳотлар, мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган йирик ташаббуслар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Тошкентда пойтахт меҳмонлари учун “Тунги сайёҳлик кўчалари”ни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тақдимотда Қозоғистон сайёҳлик компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётгани, бу эса авиачипталар савдоси ҳажмининг ўсишида намоён бўлаётгани таъкидланди.
Учрашув якунида сайёҳлик йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси