Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Актобеда намойиш этилди
Ноябрь 24, 2025. 07:58 • 2 дақ
• 225
ОҚТОВ, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Оқтовдаги Бош консулхонаси ва Қозоғистондаги элчихонаси ҳамкорлигида Актобе шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ҳар томонлама илгари суриш, ўзаро сайёҳлик алмашинувини кўпайтириш, шунингдек, минтақа ҳамкорлари билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ташаббуслар амалга оширилди.
Тақдимотда Қозоғистон сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона сектори, ишбилармон доиралари ва маҳаллий ҳокимият органларининг 40 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Йиғилганларга дастлаб Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантириш истиқболлари ва имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон санаторий-курорт ва тиббиёт муассасалари вакиллари "ZOOM" платформаси орқали жалб қилинди, бу эса тўғридан-тўғри онлайн мулоқот ва долзарб маслаҳатлар олиш имкониятини яратди.
Бундан ташқари, тақдимотда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, "Silk Road" халқаро туризм ва маданий мерос университети вакили, шунингдек, "Akfamedlayf" компанияси, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик сервис хизмати ва қатор сайёҳлик ташкилотлари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда гастрономик туризмнинг жадал ривожланиши ва унинг халқаро миқёсда тобора кенгайиб бораётганини акс эттирувчи видеоматериаллар ва тақдимотлар намойиш этилди.
Ғарбий Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қиладиган авиақатновни, хусусан, "Оқтов - Нукус - Тошкент" ва "Тошкент - Атирау" йўналишларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қозоғистон томони "Visit Aktobe" лойиҳаси вакиллари орқали минтақанинг туристик салоҳиятини, жумладан, табиий, тарихий ва этномаданий йўналишларни тақдим этди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма туризм лойиҳалари ва ташаббусларини амалга оширишдан манфаатдор эканини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси