Logo

Шанхай шаҳрида Ўзбекистон туризми, маданияти ва миллий таомлари тақдимоти бўлиб ўтди

Май 24, 2025. 13:38 • 2 дақ

71
Шанхай шаҳрида Ўзбекистон туризми, маданияти ва миллий таомлари тақдимоти бўлиб ўтди

ШАНХАЙ, 26 май. /"Дунё" АА/. Шанхай шаҳрида Ўзбекистон туризми, маданияти ва миллий таомлари тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" AA мухбири.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ва "Shanghai Art Fair International Exhibition Co. Ltd." компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Хитойнинг турли идоралари, сайёҳлик компаниялари, маданият ташкилотлари, блогерлар, Шанхайдаги хорижий дипломатия ваколатхоналари вакиллари ва ватандошлар иштирок этди.

Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайёҳлик ва маданият соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий туристлар учун яратилаётган қулай шароитлар, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва имкониятлари билан танишдилар.

Тадбирда икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан туризм соҳасида катта ютуқларга эришилаётгани, Ўзбекистонга ташриф буюраётган хитойлик сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бораётганлиги ва мамлакатларимиз ўртасида авиарейслар сони ҳафтасига 60 тага етказилганлиги таъкидланди.

Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида 1 июндан бошлаб Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим кучга кириши тўғрисида алоҳида қайд этилди. Шунингдек, шу йил 8 июндан бошлаб "Qanot Sharq" авиакомпанияси томонидан Тошкент ва Шанхай шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилаётганлиги хитойлик сайёҳлар оқимини янада ошишига хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва зиёрат туризми билан бир қаторда, юртимизнинг гастрономик туризми имкониятлари ва миллий ўзбек таомлари ҳақида келган меҳмонларга батафсил сўзлаб берилди.  Хусусан, ўзбек палови ЮНЕСКОнинг номоддий мероси рўйхатига киритилганлиги урғуланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистондан келган ошпазлар томонидан палов тайёрлаш бўйича мастер-класс ўтказилди.

"Shanghai Art Fair International Exhibition Co. Ltd." компанияси раиси Чжань Цинь ўз нутқида ўзбек миллий таоми палов халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустахкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Тантанали маросим якунида меҳмонларга ўзбекистонлик ошпазлар томонидан тайёрланган палов тортиқ қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш