Тяньцзин шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, маданий ва инвестицион имконияти намойиш қилинди
Ноябрь 22, 2025. 14:32 • 2 дақ
• 169
ТЯНЬЦЗИНЬ, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси томонидан Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида Ўзбекистон–Хитой (Тянзин) савдо-иқтисодий ҳамкорлик форуми ҳамда миллий маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги, Савдо-санот палатаси ҳамда Тяньцзинь шаҳри Тижорат уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур форумда Тяньцзинь шаҳрининг 300 дан зиёд ишбилармон доиралари, тадбиркорлик уюшмалари, Савдо-саноат палаталари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистонинг савдо-иқтисодий ва инвестицион салоҳияти ҳамда мамлакатимизда хитойлик инвесторлар учун яратилаётган қулай-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, бу борада юртимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона шаҳрида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Хитойлик тадбиркорларни ушбу имкониятлардан фаол фойдаланишга таклиф этилди.
"B2B" ва "G2B" форматида ўтказилган учрашув ва музокаралар давомида ўзаро манфаатли бўлган қатор муҳим келишувларга эришилди.
Форум доирасида Ўзбекистон стенди ташкил этилиб, унда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотлар намойиш этилди. Ўзбекистон павильонидан жой олган миллий либослар, ҳунармандчилик ва қандолатчилик маҳсулотлари, халқ амалий санъатига мансуб буюмлар экспозицияси кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси